15 январь куни бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Туркяининг IC İçtaş İnşaat компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Реха Денемеч ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Мулоқот давомида давлат-хусусий шериклик дастурлари асосида транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, автомобиль йўлларини қуриш ва модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилди. Турк компаниясининг соҳадаги тажрибаси, жумладан, автомобиль йўллари, кўприклар ва аэропортлар қуриш йўналишида шакллантирилган лойиҳалари юзасидан муҳокамалар ўтказилди.
Суҳбатда Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ўтувчи янги Самарқанд-Бухоро тезюрар пулли автомобиль йўлини қуриш мақсадида Автомобиль йўллари қўмитаси билан англашув меморандуми имзоланди.
Муҳокамалар давомида томонлар давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришдаги асосий йўналишлар, амалга оширилаётган ДХШ лойиҳалари, ДХШ механизмларидан самарали фойдаланиш, соҳада жаҳоннинг илғор ва муваффақиятли тажрибаларидан кенг фойдаланиш юзасидан фикр алмашди.
Маълумот учун, IC İçtaş İnşaat компанияси 1969 йилда ташкил этилган. У Туркия ва бошқа давлатларда ДХШ асосида автомобиль йўллар, туннеллар, кўприклар ҳамда турли йирик иншоотларни қуришда иштирок этган. Хусусан, компания томонидан ДХШ асосида Истанбул шаҳрида умумий узунлиги 150 км автомобиль йўли, денгиз устида 1,5 км узунликдаги «Явуз Султон Салим» номли босфор кўприги қурилган. Амалга оширилаётган йирик лойиҳа қаторига Вьетнамда қурилаётган янги аэропорт ҳам киради.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2024 йил августидаги қарори билан Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобиль йўли қурилиши белгиланган. Лойиҳа қиймати $1 млрдга баҳоланган бўлиб, у 2027−2030 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Сентябрь ойида Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов пулли йўллар қуриш масаласига изоҳ берар экан, фойдаланувчиларга бепул муқобил ҳам бўлишини таъкидлаганди.