Ўзбекистон Божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда мобил қурилмаларни мамлакатга олиб киришда божхона декларациясини тўлдириш талаб қилиниши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Kurbanoff.net Telegram канали телефоннинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказишда аввалгидек хорижга боришнинг ўзи етарли эмаслигини ёзди. Энди мобил қурилмани импорт қилишда декларация қилиш керак.
«Веб-сайтда рўйхатдан ўтишда божхона базасидан маълумотлар қидирилади. Агар базада маълумот бўлмаса, у ҳолда телефон божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида бож тўлаш керак бўлади», — деди канал муаллифи.
«Газета.uz» 2023 йил октябрь ойида ҳукумат Ўзбекистонга янги телефонлар олиб киришдаги чекловларни юмшатганини ёзган эди. Агар илгари жисмоний шахслар ҳар 6 ойда фақат битта телефон олиб кирган бўлса, 2024 йилнинг 28 январидан ҳар сафар чегарадан ўтишда 2 та олиб киришлари мумкин, лекин уларни мажбурий декларациялаш лозим.
Аэропорт орқали олиб кирилаётганда битта ёки иккита телефоннинг умумий суммаси 2000 доллардан ошмаслиги керак (поездда — 1000 долларгача, автомобилда — 300 долларгача). Агар сумма шартли равишда 2300 доллар бўлса, у ҳолда 300 долларга 30 фоиз бож қўлланилади
Шу билан бирга, янги телефонларни мажбурий декларациялаш жорий этилган. Декларация божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни олиб киришнинг максимал нормаларидан қатъи назар тўлдирилади. Агар бу бажарилмаса, қурилма эгаси 30% миқдорида божхона божини тўлаши керак.
Сўнгра Рақамли технологиялар вазирлиги ўшанда декларация қонуний олиб кириш ва UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтиш учун асос эканини тушунтирганди.
«Газета.uz» сўровига жавобан Божхона қўмитаси октябрь охирида божхона органлари ва UzIMEI тизими интеграцияни якунлагани, бу эса IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишда декларацияланмаган телефонларни аниқлаш имконини бериши ҳақида хабар берди.
Шунингдек, агентлик фуқароларга бозорлар, савдо нуқталари ёки интернет-дўконлардан телефон сотиб олаётганда, албатта, UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтганини текширишни тавсия қилди. Агар телефон рўйхатдан ўтмаган бўлса, божхона божини ўзингиз тўлашингиз керак бўлади.
«Кераксиз харажатларга йўл қўймаслик учун телефонларни олиб киришда, битта ёки бир нечта телефон бўлишидан қатъи назар, йўловчи божхона декларациясида уларнинг рақамини кўрсатинг», — дея тавсия қилди қўмита.
Мобил телефонлар ва смартфонлардан ташқари, SIM-модулли планшетлар ва портатив қурилмалар (шу жумладан, eSim) декларация қилиниши керак. Тақиладиган қурилмалар (соатлар, фитнес билакузуклар), модемлар, компьютерлар, алоқа модуллари, терминаллар, транспорт воситалари ва SIM-модулли бошқа қурилмаларни декларация қилиш шарт эмас.
Саволлар туғилганда Божхона қўмитасининг 1108 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин.