Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов томонидан Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига сенатор сўрови юборилган эди.

Унда тизимда амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга нима сабабдан Сурхондарё вилоятидаги бирорта автомактаб фаолияти лицензияланмагани ҳамда яна бир қатор камчиликлар юзасидан тушунтириш бериш сўралган.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ушбу сенатор сўровига жавоб юборилган.

Унга кўра, 2025 йил 7 январь куни Сурхондарё вилоятидаги «Ватанпарвар» ташкилотига қарашли 14 та автомактабнинг лицензия олиш учун берилган мурожаати ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан электрон тизим орқали қабул қилинган. Мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилиб, автомактабларга лицензия бериш масаласи ижобий ҳал қилинган.

«Жумладан, 2025 йил 16 январь куни „Ватанпарвар“ ташкилоти Музработ туман ўқув спорт техника клубига, 17 январь куни „Ватанпарвар“ ташкилоти Денов автомактабига ҳамда Узун ўқув спорт техника клубларига лицензиялар берилган. Худди шундай қолган автомактабларга ҳам лицензиялар берилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятида ажратилган ер майдонида тадбиркор томонидан имтиҳон маркази ҳамда автодромнинг қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги, қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилганда, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонлар олиш ишлари қонунчилик талаблари асосида амалга оширилади.

Аввалроқ «Газета.uz» автомактаблар билан боғлиқ муаммо Ўзбекситоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Унда Ўзбекистонда 2023 йил охиригача 1400 дан ортиқ нодавлат автомактаб бўлгани. Уларнинг бор-йўғи 80 дан ортиғи фаолиятини давом эттираётгани қайд этилганди.

Автомактабларни лицензиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 408-сонли қарорига ўзгартишлар киритилгандан сўнг автомактаблар лицензия олиш камайди.

«Газета.uz» билан суҳбатлашган соҳа вакилларининг таъкидлашича, янги талаблар автомактаблар учун анча оғир. Биринчидан, автодром майдони 1 гектардан кам бўлмаслиги керак. Иккинчидан, автодром автоматлаштирилган тизимларга эга бўлиши керак — бу бутун автодром ҳудудида кузатув камералари, махсус датчиклар ва бошқа техник воситалари билан тўлдирилиши керак, дегани. Учинчидан, у нафақат енгил автомобилларни бошқариш, балки юк машиналари ва автобусларни ҳайдаш бўйича имтиҳонларни топширишга имкон берадиган бўлиши керак.

«Газета.uz» мухбирлари боғланган бир неча автомактаб вакиллари ҳақиқатан ҳам автодром жиддий муаммога айланганини тасдиқлади. Ҳақиқатан ҳам, аксарият автомактабларнинг ўз автодроми йўқ. Шу вақтгача автодроми йўқ ўқув муассасалари автодромларни ижарага олган (бир автодром бир неча автомактаб томонидан ижарага олиниши ҳам мумкин эди). Масалан, вакили «Газета.uz»га интервью берган бир автомактаб жорий ўзгаришларгача амалий (автодром) машғулотларини халқ орасида «Файзобод ГАИ» номи билан танилган Миробод туманидаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида ўтказган (у 2024 йил 8 январида таъмирлаш ишлари сабаб ёпилганди, март ойида президент ташриф буюрганида, у жой диагностика марказига айлантирилиши айтилганди).

«Бир кулгили муаммо бор. Биз фақат «Б тоифа (енгил автомобиллар) бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқитамиз. Лекин республика ЙҲХХ бизнинг ихтиёримиздаги автодромда қолган тоифадагилар учун шароит бўлиши кераклиги ҳақида буйруқ чиқариб қўйди. Биз бу масалада шаҳар ЙҲХХга бордик, улар бу масалани ҳал қилолмаслиги айтди. Кейин республика ЙҲХХга бордик, улар эса бир гектардан кам бўлмасин ва ҳамма учун шароит бўлсин, деб турибди. Биз фақат битта тоифа бўйича ўқитадиган бўлсак, нега автодромимизда қолган тоифалар бўйича ҳам шароит қилишимиз керак ахир?», — дейди Тошкентдаги бир автомактаб вакили.

Автомактаблар талабларни юмшатишни сўраётгани ҳақидаги саволга ЙҲХХ матбуот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев шундай жавоб қайтарди: «Янги талабларни тасдиқлаган қарор бор. Шу вақтгача шу талабларни бажарган автомактабларга фаолиятини қайта бошлашга рухсат бериляпти. Бошқалар ҳам талабни бажарса, рухсат берилади. Нодавлат автомактабларнинг эгалари — тадбиркорлар ва улар ҳайдовчиликка ўқитгани учун пул олади. Агар улар шу тадбиркорлик тури билан шуғулланишни истаса, марҳамат, ўқув майдонларини талаб даражасида жиҳозласин ва ишлайверсин. Бу давлатнинг талаби».