Бекзод Тошпўлатов Жиззахнинг Зарбдор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 17 январь куни халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этди.

Жиззах ҳокими мажлисда Зарбдор тумани ҳокими лавозимига тавсия этилган номзод Жиззах вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи Тошпўлатов Бекзод Турғуновични таништирди.

Вилоят ҳокимининг Бекзод Тошпўлатовни Зарбдор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Зарбдор туманининг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев 2024 йилнинг 28 декабрь кунида вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди.