2024 йил охирида Хитой аҳолиси 1,39 миллион кишига камайди ва ҳозирда 1,4 миллиарддан сал кўпроқни ташкил этмоқда, дея хабар бермоқда Reuters Миллий статистика бюроси маълумотларига таяниб. Хитойда учинчи йилдирки, аҳоли сонининг табиий қисқариши кузатилмоқда.

2024 йилда Хитойда туғилганлар сони 9,54 миллион (2023 йилда 9,02 миллион), вафот этганлар сони 10,93 миллион (2023 йилда 11,1 миллион) кишини ташкил қилди. 60 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар сони ҳам ошди — 2023 йилдаги 296,97 миллиондан 2024 йилда 310,31 миллионгача.

Бу маълумотлар экспертлар орасида дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодиёти ишчилар ва истеъмолчилар сонининг қисқариши туфайли қийинчиликларга дуч келишидан хавотир уйғотмоқда, деб ёзди Reuters. Қариялар парвариши ва пенсия нафақалари нархининг ошиши шусиз ҳам қарзга ботиб қолган маҳаллий ҳукуматлар аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

Хитойда 1980 йилдан 2015 йилгача амалда бўлган «Бир оила — бир бола» сиёсати ҳамда жадал урбанизация натижасида Хитойда туғилиш даражаси бир неча ўн йиллар давомида пасайиб бормоқда, дея қайд этади Reuters.

Қўшни Япония ва Жанубий Кореяда бўлгани каби, кўп сонли хитойликлар қишлоқ фермаларидан болаларни парваришлаш қимматроқ бўлган шаҳарларга кўчиб ўтди. Агентликнинг таъкидлашича, болаларни парвариш қилиш ва таълим олишнинг юқори нархи, шунингдек, иш режасидаги ноаниқлик ва иқтисодиётнинг секинлашиши кўплаб хитойлик ёшларни никоҳдан ўтиб, оила қуришдан тўсмоқда.

Демографларнинг таъкидлашича, гендер дискриминацияси ва аёлларнинг уй юмушлари билан шуғулланиши ҳақидаги анъанавий кутилмалар муаммонинг кучайишида рол ўйнаган.

«Хитой аҳолиси қисқаришининг катта қисми чуқур таркибий сабабларга боғлиқ: фундаментал таркибий ўзгаришларсиз — ижтимоий хавфсизлик тизимини яхшилашдан гендер дискриминацияни бартараф этишгача — аҳолининг қисқариш тенденциясини қайтариб бўлмайди», — деди Мичиган университети социология кафедраси доценти Юнь Чжоу Reuters’га.

Хитой ҳукумати аҳолини кўпроқ фарзанд кўришга ундашга ҳаракат қилмоқда ва ўтган йили туғилиш даражасини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни жорий қилди. Декабрь ойида расмийлар никоҳ, севги, серфарзандлик ва оила ҳақидаги ижобий фикрларни тарқатиш учун университетлар ўқув дастурларига «севги таълими»ни киритишга чақирди. Ноябрь ойида Хитой Давлат кенгаши маҳаллий ҳукуматларни «мақбул ёшда» фарзанд кўриш ва никоҳни ҳурмат қилишни тарғиб қилишга чақирди.

Бундан ташқари, расмийлар ёш оилаларга солиқ имтиёзлари, арзон уй-жой ва нақд пул таклиф қилмоқда. Шаҳарлар сунъий уруғлантириш харажатларини қоплашга ваъда бермоқда ва мамлакатнинг баъзи қисмлари ёлғиз оналарни жазолайдиган чекловларни олиб ташлашга ҳаракат қилмоқда, ёзди New York Times.

Туғилишда давом этаётган қисқариш соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳатто истеъмол бозорига кучли таъсир кўрсатмоқда, деб ёзди газета. Хусусан, кўплаб чақалоқ формулаларини ишлаб чиқарувчилар энди кексалар учун кальций ва селенли коктейллар ишлаб чиқаришга мажбур бўлмоқда, ўнлаб хусусий туғуруқхоналар, болалар ва оналар учун клиникалар ёпилди.