16 январь куни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглиги ва оила масалалари бўйича республика комиссияси «Гендер тенглиги фаоли-2024» ҳар йиллик танлови якунларини эълон қилди. Танловнинг мақсади барча ташкилотларда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатни шакллантиришдан иборат.
Сенат матбуот хизмати хабар беришича, танловда 7 та асосий ва 3 та қўшимча номинациялар бўйича 934 та ташкилот ва муассаса иштирок этган.
Ўзбекистон Миллий гвардияси гендер тенглигини таъминлашда республика даражасидаги энг фаол давлат органи сифатида эътироф этилди. Тизимда 1632 нафар аёл ходим ва ҳарбий хизматчи меҳнат қиладиа. 2024 йилда Миллий гвардияда хотин-қизлар учун ходимлар ва уларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича 41 та офицер лавозимлари очилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги гендер тенглигини таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи деб топилди. Вазирлик тизимида 200 нафардан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилади, улардан 3 нафари раҳбарлик лавозимларида ишлайди.
Ammofos-Maxam корхонаси энг фаол ҳудудий давлат ташкилоти деб топилди. Компания ходимларининг деярли 40 фоизини аёллар ташкил этади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги энг фаол вилоят ҳокимлигига айланди. Вилоятда хотин-қизларнинг раҳбарликдаги улуши 31 фоизни ташкил этади, сиёсий партияларга аъзоликда — 43,5 фоиз, тадбиркорлик фаолиятида — 32 фоиз. 620 нафарга яқин хотин-қиз давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
Жиззах вилояти Шараф Рашидов тумани ҳокимлиги энг фаол туман ҳокимлиги деб топилди. Ҳокимликдаги ходимларнинг 40 фоизини, туман кенгаши депутатларининг 35 фоизини аёллар ташкил этади. Раҳбар лавозимларда 1100 нафар хотин-қиз ишлайди.
Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ва «Заковат» интеллектуал клуби гендер тенглигини таъминлашда энг фаол ННТлар бўлди. Уюшмаларда «Аёллар медиа клуби» фаолият юритади.
«Акбаржон Баракат» корхонаси энг фаол тадбиркорлик субъекти сифатида тан олинди, унда ишчи-хизматчиларнинг 32 фоизини аёллар ташкил этади. Корхона МДҲ давлатларига экспорт қилинадиган ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказининг «Ҳуқуқий клиника» дастури гендер тенглигини тарғиб қилиш бўйича энг яхши телекўрсатув бўлди.
Oyina.uz сайти гендер тенглигини тарғиб қилувчи энг яхши сайт, «Янги Сирдарё» газетаси эса энг яхши нашр деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банкининг ўтган йилнинг баҳорида эълон қилинган «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида Ўзбекистон бешта илғор ўзгаришлар қилган давлатлар қаторидан жой олган. Мамлакатда хотин-қизларнинг мавқеини яхшилайдиган тўртта ҳуқуқий ислоҳот амалга оширилди: оиладаги зўравонликни жиноийлаштириш, тенг иш ҳақи тўлаш қоидаси ва айрим соҳаларда аёлларнинг ишлашига қўйилган чекловларни олиб ташлаш.