Ўзбекистон Марказий банки 17 январдан бошлаб оғирлиги 100 грамм бўлган, олтиндан тайёрланган ўлчовли қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқаради. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қуймалар 2020 йилдан бошлаб сотувга чиқарилган 5, 10, 20, 50 граммли ўлчовли олтин қуймаларга қўшимча равишда таклиф этилади. Марказий банк бундан аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини янада ошириш ҳамда қимматбаҳо металлар муомаласини кенгайтириш мақсад қилинганини таъкидлаган.
«Қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажариб ўз серия рақамига эга бўлади. Олтин қуймаларнинг сотиш нархлари ҳар куни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади», — дейилади хабарда.
Регулятор қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида қуйма эгасига тўловни амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинишини эслатган. Қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади.
Қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, 16 январь ҳолатига ўлчовли қуймаларнинг нархлари қуйидагича эди: