Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги ҳоким ёрдамчиси 30 минг доллар олган вақтида ушланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога туман ҳудудида 4 та савдо дўкони қуриши учун ер олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг учун у юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали жами 210 квадрат метр ер майдонини аукцион савдолари орқали ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг доллар сўраган. Бироқ пулни олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Ҳоким ёрдамчиси муқаддам Жиноят кодексининг қуйидаги ва бошқа моддалари бўйича 3 маротаба судланган:

  • 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)
  • 168-моддаси (Фирибгарлик)
  • 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш).

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддасининг 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.