Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг офиси Исроил ва ҲАМАС музокара гуруҳлари Доҳада Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш тўғрисидаги битимни имзолаганини тасдиқлади.

«Исроил давлати урушнинг барча мақсадларига эришишга, жумладан, барча гаровдаги, тирик ва ҳалок бўлганларни қайтаришга содиқ», — дейилади 17 январдаги баёнотда.

Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида тузилган битимни келишиш чоршанба куни кечқурун маълум бўлди. Бироқ Исроил томони ҳужжат имзоланганини тасдиқламаганди.

Аввалроқ Нетаньяҳунинг офиси сўнгги дақиқада ҲАМАС бир қатор келишувлардан воз кечгани ва келишувга янги бандлар киритишга ҳаракат қилаётганини маълум қилганди. Axios Исроил ва Америкадаги манбаларига таяниб, гуруҳ бир нечта исроиллик гаровга олинганларни террористик ҳужумларни режалаштириш ва уюштиргани учун Исроил қамоқхоналарида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ҲАМАС ҳарбий етакчиларига алмаштиришни талаб қилганини ёзган.

Энди келишув Исроилнинг хавфсизлик масалалари бўйича маҳкамаси томонидан маъқулланиши керак, кейин эса ҳукумат 18 январь куни кечқурун овоз беришга йиғилади, дея аниқлик киритди Axios. Шу сабабли дастлабки уч гаровга олинганларни озод қилиш якшанбадан камида душанбага — 20 январга кўчирилди.

Келишув ҳақида

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув уч босқични ўз ичига олади. Биринчи босқич олти ҳафтага мўлжалланган. Бу даврда ҲАМАС исроиллик 33 нафар гаровга олинганларни, шу жумладан? барча аёллар (аскарлар ва фуқаролар), болалар ва 50 ёшдан ошган эркакларни озод қилади. Бунинг эвазига Исроил юзлаб фаластинлик маҳбусларни қамоқдан озод қилади ва ўз қўшинларини буфер зонасига олиб чиқади.

Битимнинг иккинчи босқичи бўйича музокаралар биринчи босқичнинг 16-кунига қадар бошланиши керак. У барча гаровга олинганларни озод қилиш, ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо ҳудудидан тўлиқ олиб чиқишни ўз ичига олиши кутилмоқда.

Учинчи босқич ҳалок бўлган гаровдагиларнинг қолган жасадларини қайтариш ва Миср, Қатар ва БМТ назорати остида Ғазонинг тикланишини бошлаш билан боғлиқ бўлади.