Ўзбекистонда бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги фавқулодда штаб ташкил этилмоқда. У халқаро молия институтлари билан ишлайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Йиғилишда ҳар бир доллар инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Қайд этилишича, сўнгги етти йилда киритилган 120 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 6 мингдан ортиқ корхона ишга тушган. Таҳлиллар кўрсатишича, жалб қилинган ҳар 1 минг доллар инвестиция йилига ўртача 530 доллар қўшилган қиймат яратмоқда. Тоғ-кон саноатида бу кўрсаткич 700 долларга етгани сабабли соҳага Германия, Туркия, Хитой ва бошқа давлатлардан инвесторлар кириб келишни бошлаган.

Лекин «Ўзбекнефтгаз», «Ўзметкомбинат» ва қурилиш материаллари тармоғида инвестиция самарадорлиги бошқа тармоқларга нисбатан 2 баробар пастлиги айтилди. Инвестиция ҳисобига қўшилган қиймат Сирдарёда республика кўрсаткичидан 3 баробар, Бухоро ва Қорақалпоғистонда 2 баробар кам. 230 та тадбиркорнинг божхона омборларида узоқ муддатдан буён сақланаётган 120 миллион долларлик ускуналар эгаларига етказилди. Лекин яна 105 та тадбиркорнинг 110 миллион долларлик ускуналари омборларда турибди.

Мутасаддиларга ушбу ускуналарни эгаларига етказиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш топширилди.

Бу йил халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 5,2 миллиард долларлик ишлар бажарилиши режалаштирилгани айтилди. Инвестицияларни ўзлаштиришда ҳалигача бюрократия кўплиги танқид қилинди.

Шу муносабат билан бош вазир бошчилигида молия институтлари билан ишлаш бўйича алоҳида Фавқулодда штаб ташкил қилиниши белгиланди. Штаб ҳар бир лойиҳани ичига кириб, аниқ ишларни амалга оширади, ҳар ҳафта лойиҳама-лойиҳа муҳокама ўтказади.

2025 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 1,1 миллиард доллар, Ислом тараққиёт банки билан эса 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Мутасаддиларга ушбу 2 та халқаро банк билан яқиндан ишлаб, туманма-туман юриб, тадбиркорлар билан давлат кафолатисиз қилиш мумкин бўлган лойиҳаларни кўпайтириш топширилди. Уларга аниқ масъуллар бириктирилади, маблағ жалб қилишда тадбиркорларга кўмаклашилиши қайд этилди.