Қозоғистон Энергетика вазирлиги бензин ва дизель ёнилғисининг чекланган нархларини бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Orda.kz хабар берди.
Ушбу қарор нархни шакллантиришнинг бозор моделига ўтиш зарурати билан боғлиқ бўлиб, вазирликнинг фикрича, ёнилғи тақчиллигини бартараф этишга ва соҳани модернизация қилиш учун шароит яратишга ёрдам беради.
Бугунги кунда Қозоғистонда ёнилғи нархи минтақадаги энг паст нархлардан бири бўлиб қолмоқда.
«Масалан, Аи-92 бензинининг нархи мамлакатда бир литри учун 205 тенге (5000 сўмдан бироз юқори)ни ташкил этса, Россияда 288 тенгени, Қирғизистонда 385 тенгени, Ўзбекистонда эса 489 тенге (салкам 12 минг сўм)ни ташкил этади. Худди шундай ҳолат дизель билан ҳам кузатилади: Қозоғистонда унинг нархи бир литр учун 295 тенгега тенг, қўшни мамлакатларда эса 355−528 тенге», — дейилади хабарда.
Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, бундай сезиларли тафовут ёнилғини ноқонуний схемалардан фойдаланган ҳолда хорижга олиб чиқишни келтириб чиқаради ва нефтни қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилишни қийинлаштиради.
«Қозоғистонда ёнилғи нархи дунёдаги энг паст нархлардан бири бўлиб қолмоқда, бу эса қўшни давлатлар билан нарх фарқини, шунингдек, танқисликни келтириб чиқаради, соҳани модернизация қилишга тўсқинлик қилади ва ёнилғининг ноқонуний олиб чиқилишга олиб келади», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Таклиф этилаётган сиёсат талаб ва таклиф ўртасидаги бозор мувозанатига эришиш, ёнилғи танқислигини бартараф этиш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган. Бироқ вазирлик ҳар қандай ўзгаришлар босқичма-босқич ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилишини таъкидлади.
Энергетика вазирлиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига дизель ёнилғисидан кафолатланган фойдаланиш имкониятини (шаффоф схемалар ва арзон нархларда) ваъда қилмоқда. Ўз навбатида, фуқаролар учун қўллаб-қувватлаш чоралари сақлаб қолиниши айтилмоқда.