2025 йилнинг илк кунларидан бошлаб, Тошкентда автобус салонларида нақд тўлов қабул қилиш бекор қилингандан сўнг шаҳарда бир неча бор ташилган йўловчилар сонининг рекорд даражаси қайд этилди. Бу ҳақда 9 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоат транспорти тизимига масъул ташкилотлар вакиллари маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги автобус салонларида нақд пулда тўлов қилиш мумкин эмас. Йўлкирани 10 дан ортиқ нақд пульсиз тўлов усуллари орқали тўлаш мумкин: АТТО транспорт ва виртуал карталари, исталган банкларнинг UzCard ва Humo контактсиз карталари, халқаро тўлов тизимлари карталари (Visa, MasterCard, UnionPay), шунингдек, Click, Uzum, Plum тўлов иловалари орқали.
Нақд пулга бир марталик QR-кодли чипталарни сотиб олиш мумкин, улар Paynet, Oson ва Multipay компанияларининг инфокиосклари, шунингдек, Paynet офлайн пунктлари орқали сотилади. Бундай чипталарнинг нархи 3000 сўмни ташкил этади, нақд пулсиз тўлов учун эса 1700 сўм ундирилади.
QR-чипталар нақд пулсиз тўлов усуллари билан бир қаторда валидациядан ўтгани ва АТТО тизимида акс эттирилгани боис ҳақиқий йўловчилар сонини ҳисоблаш имконияти вужудга келди.
2025 йил январь ойи бошида ташилган йўловчилар сони 2024 йилнинг шу давридаги кўрсаткичлардан 30−40 фоизга ошди. Буни пойтахт йўловчи ташиш оператори «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рустам Шамурадов маълум қилди.
«Нақд пул туфайли биз аниқ рақамларни кўра олмаётган эдик. Нақд пулдан воз кечиш бу Транспорт вазирлигининг изчил изланишларидир ва биз тўрт йил давомида бу қадамни босишга интилдик. Тизим шунчаки пайдо бўлгани йўқ. Сабаб-оқибат алоқалари ўрганилди. Халқаро тажрибани ўргандик, биз фан-техника тараққиёти билан баҳслашиш жуда қийинлигини тушунамиз. Бу жамоат транспортининг табиий ривожланишидир», — деди Рустам Шамурадов.
АТТО директори Даврон Шаёқубовнинг сўзларига кўра, агар 8 январь куни ташилган 1,3 миллион йўловчи нақд пул тўлаганида, улар жами 1,8 миллиард сўм кўпроқ маблағ тўлаган бўларди.
Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромовнинг таъкидлашича, салонларда нақд пул қабул қилишнинг бекор қилиниши хавфсизликни оширади, чунки ҳайдовчилар пулни қабул қилиш, қайтим бериш билан чалғимайди. Худди шу сабабдан жадвалга риоя қилиш таъминланади. Бундан ташқари, рақамлаштириш молиявий шаффофликни таъминлайди ва йўналишларни оптималлаштириш, йўналишлардаги ҳаракатланувчи таркиб турлари ёки сонини ўзгартириш учун янада батафсил маълумотлар базасини тўплаш имконини беради.
«Оддий қилиб айтганда, агар ҳар бир йўловчи йўл ҳақини нақд пулсиз тўласа, биз сутканинг турли вақтларида бутун йўналишдан қанча одам фойдаланаётганини кўрамиз ва эшик тепасидаги датчиклар ёрдамида қайси бекатда қанча одам киришини аниқлаймиз. Балки қайсидир йўналишга каттароқ сиғимли, бошқа бир йўналишга кичикроқ сиғимли автобуслар қўйиш керакдир. Балки қаердадир қатновлар орасидаги интервалларни қисқартириш ёки узайтириш, қаердадир эса автобус бекатида тўхтаб туриш вақтини ошириш керакдир. Маълумотлар билан ишлаш ва оптималлаштириш аҳолининг ҳаракатчанлигини ва жамоат транспортининг жозибадорлигини оширади», — дея қўшимча қилди Миракбар Икромов.
Нақд пулни қабул қилишни бекор қилиш жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилишнинг қадамларидан биридир. Президентнинг 2023 йилдаги қарори доирасида Ўзбекистоннинг барча жамоат транспорти йўловчи ташишни ташкил этишнинг янги модели — брутто-шартномаларга ўтиши керак. Механизм шуни назарда тутадики, йиғилган барча тушум шаҳар буджетининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти ташувчига бажарилган ишлар ҳажми асосида йўналишлар бўйича рейслари учун ҳақ тўлайди.
Ушбу молиялаштириш модели бутун дунёда машҳур бўлиб, унга ҳар йили тобора кўпроқ шаҳарлар ўтмоқда. Ўзбекистон эса МДҲда брутто-шартномалар миллий даражада жорий этиладиган биринчи давлат бўлди — одатда, шаҳар транспортини молиялаштириш механизми муниципалитетлар даражасида белгиланади.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Аширматовнинг таъкидлашича, моделда ташувчи ҳар бир йўналиш учун маршрут кўрсаткичларини бажарганда 10 фоизлик рентабеллик кафолатланади.
Шаҳар транспорти қандай молиялаштирилади?
Ҳар бир йўналишдаги йўлнинг бир километри ўз қийматига эга ва йўналишнинг рентабеллигига боғлиқ, деди Рустам Шамурадов. Бу қиймат аукционга қўйилади. Ҳамма ташувчилар уни кўради. Бир ташувчи бу километр учун 10 минг сўм, иккинчиси 8 минг сўм таклиф қилади. Ташувчилар ёқилғи, иш ҳақи, техник хизмат кўрсатиш ва бошқа харажатларидан келиб чиқиб нархни белгилайди. Энг кам нархни таклиф қилган ташувчи ғолиб бўлади.
Шаҳар ҳар бир йўналиш учун ўз талабларини белгилайди: автобус қанча марта у ва бу томонга юриши керак, ҳар бир қатновда нечта транспорт бўлиши лозим, ҳафтанинг турли кунлари ва соатларида оралиқлар қандай бўлиши керак. Бундан ташқари, автобуслар бекатларда тўхташи шарт. Бу талабларнинг барчаси бажарилишини махсус ташкил этилган давлат муассасаси назорат қилади. Агар ташувчи бу талабларни бажарса, қатновлар учун тўлов амалга оширилади.
Ҳар бир автобусда GPS-трекер ўрнатилган бўлиб, у ҳар икки сонияда машинанинг жойлашувини қайд этади ва маълумотларни назорат марказига юборади. Бундан ташқари, назорат маркази ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларини кузатиши мумкин: агар у чекса ёки мобил телефондан фойдаланса, унга жарима солинади. Агар у бекатда тўхтамаса, бу қатновни автоматик равишда ҳисобга олмайди. ТШТХ ҳисобга олинмаган қатновлар учун пул олмайди.
Назорат маркази «Тошшаҳартрансхизмат»га ҳар ойда бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот беради. Агар ташувчи бирор масалага рози бўлмаса, у ҳисоботнинг айрим бандлари юзасидан эътироз билдириши мумкин. Шунда қўшимча текширув ўтказилади.
Жамоат транспортида йўл ҳақи энди фақат нақд пульсиз амалга оширилиши сабабли (ҳатто QR-чипта ҳам текширувдан ўтади), йўл ҳақидан тушган барча маблағлар шаҳар ҳисобига ўтказилади. Агар ой охирида йўловчилардан йиғилган пул ташувчининг харажатларини қоплашга етмаса (бу ерда харажатлар шаҳар билан тузилган шартномага мувофиқ ташувчи барча йўналишларнинг ҳар бир ҳисобга олинган километри учун оладиган сумма ҳисобланади), ҳокимлик ташувчига етишмаётган суммани қоплайди.
«Янги тизим „Тошшаҳартрансхизмат“ компаниясига кўп ўн йилликлар давомида биринчи марта зарар кўриб ишлаётган корхонадан даромадли корхонага айланишига имкон берди, — деди Рустам Шамурадов. — Жамоат транспортидан фойдаланиш, автобус парки ва ҳайдовчиларни бошқариш нуқтаи назаридан биз нақд пулни қабул қилишни бекор қилишга жуда узоқ вақт давомида интилдик. Биз ҳайдовчиларни рағбатлантириш тизимини ўзгартирдик. Ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган, ҳайдовчилар маълум миқдорда нақд пул йиғишлари ва уни паркка олиб келиб топширишлари керак бўлган режа бекор қилинди».
Нақд пулнинг бекор қилиниши автобус бекатлари муаммоларини яна бир бор долзарблаштирди, деб эътироф этди масъул идоралар вакиллари. АТТО, ТШТХ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги бекатлар яқинида ахборот киосклари мавжуд эмаслигидан йўловчиларнинг норозилигига доир кўплаб мурожаатлар олди. Бекатларнинг кўпчилигига ахборот киоскини ўрнатиш мумкин эмас, чунки улар электрлаштирилмаган. Баъзиларида павильонлар йўқ. Миракбар Икромовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу масалани ҳал қилиш устида ишламоқда.
Даврон Шоёқубов январь ойида янги тарифларни жорий этиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг навбатдаги қарори имзоланиши кутилаётганини таъкидлади. Янги тариф бўйича бир ой давомида ҳар ўнта қатнов аввалги ўнтага нисбатан арзонроқ бўлиши кутилмоқда.
Миракбар Икромовнинг сўзларига кўра, нақд пул қабул қилиш бекор қилингандан сўнг интервалларга риоя қилиш 28 фоизга ошди. Йўл ҳақини ундириш энди ҳайдовчиларнинг вазифаси эмас, улар фақат йўловчиларни ташиш, жадвал ва интервалларга риоя қилиш, шунингдек, хавфсиз бошқарувга эътибор қаратмоқда.
«Нақд пулсиз тўлов бизга ҳар бир йўналишнинг хусусиятини ўрганиш имконини беради, — деди Миракбар Икромов. — Биз мутахассислар билан ҳар бир йўналишни қайтадан ўрганиб чиқамиз. Эҳтимол, қайсидир йўналишдан биз ўйлагандан кўра кўпроқ одам фойдаланаётгани, автобуснинг тўлдирилиш даражаси юқорироқ экани маълум бўлар. Шунда биз одамларга қулайроқ бўлиши учун катта автобусларни ушбу йўналишга қўйишга ёки оралиқларни қисқартиришга қарор қиламиз. Чунки автобусда одам кўп бўлса, йўловчилар ноқулайлик сезади ва жамоат транспортидан фойдаланишни хоҳламайди. Балки қайсидир йўналишдан, аксинча, камроқ одам фойдаланар. 2025 йилда биз буларнинг барчасини қайтадан ўрганиб чиқамиз».
Бундан ташқари, у апрель-май ойларида яна 200 та электробус сотиб олиш режалаштирилганини маълум қилди. Бу оралиқларни қисқартириш, янги йўналишларни очиш ва жамоат транспорти билан қамраб олинмаган ҳудудлар транспорт тизимини йўлга қўйиш имконини беради.
Аввалроқ «Газета.uz» Тошкентда қанча янги автобус йўналишлари очилиши, 1000 та янги автобусдан қандай фойдаланилиши ва уларнинг келишига қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида ёзганди.