17 январь куни Россия ва Эрон президентлари Владимир Путин ҳамда Масъуд Пезешкиён Москвадаги музокаралар якунида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги икки томонлама шартномани имзолади, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.
Ушбу чинакам муҳим ҳужжат Россия ва Эрон, бутун Евроосиё минтақасининг барқарор ва изчил ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган, — деди Россия раҳбари.
ТАССнинг ёзишича, мамлакатлар ўртасидаги шартнома «мудофаа, терроризмга қарши кураш, энергетика, молия, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият, фан ва технологияларни ўз ичига олган барча соҳаларни қамраб олади». Эроннинг Россиядаги элчиси Казем Жалолий ҳужжат 47 моддадан иборат эканини маълум қилди. Шартнома матни расман эълон қилинмади.
Ҳужжат Москва ва Теҳрон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши керак: у уларнинг стратегик шерик сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди. Шунингдек, шартномада узоқ муддатли истиқболда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асослар белгиланган, дейилади хабарда.
Ҳужжат Россия КХДР ва Беларусь билан мудофаа келишувларини имзолаганидан кўп ўтмай имзоланди. Эрон расмийларининг сўзларига кўра, Москва билан тузилган шартнома ҳарбий иттифоқ тузиш мақсадини кўзламайди, дея аниқлик киритди РБК.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бунгача 2001 йилда имзоланган ўзаро муносабатлар асослари ва ҳамкорлик тамойиллари тўғрисидаги шартнома билан расмийлаштирилганди. Ҳар беш йилда у автоматик равишда узая бошлаган.