«Салимбойвачча» номи билан танилган ўзбекистонлик Салим Абдувалиев Қирғизистон жанубини назорат қилган, деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев.

Ташиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда уюшган жиноятчиликнинг кучайиши республика бошқа мамлакатлардан келган жиноятчилар ҳукмронлиги остида қолишига сабаб бўлган.

Қамчибек Ташиев.Видеодан кадр.Қамчибек Ташиев.
Видеодан кадр.

Ташиев, ўз навбатида, 2023 йил октябрь ойида Қирғизистондаги таниқли «қонундаги ўғри» Камчи Колбаев махсус операция вақтида ўлдирилгани ҳақида гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ўтмишда уюшган жиноятчилик даражаси шундай бўлганки, жиноятчилар «бутун мамлакат бўйлаб ҳокимиятни эгаллаб, давлатники каби бошқарув тизимини яратган».

«Уларда президент — қонундаги ўғри ва кузатувчилар бор эди. Улар вилоят, туман, шаҳарларда тадбиркорлардан пул йиғишган. Кучли тузилма. Мен қонун бўйича ўғрини йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилишга мажбур бўлдим. Биласизми, давлат учун. Ва биз уни, кейинчалик унинг шерикларини ва уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ)ларнинг бошқа аъзоларини йўқ қилдик», — деди у.

Ташиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакат УЖГдан холи. «[Қирғизистон] Марказий Осиёда, ҳатто постсовет давлатлари орасида ҳам УЖГ мавжуд бўлмаган ягона давлатдир. Ҳозир тадбиркорлар ҳеч кимга аввалгидек пул тўламайди. Биз УЖГни йўқ қилганимиздан сўнг дастлабки вақтларда тадбиркорлар ҳатто кимга пул тўлаш кераклигини ҳам қидириб қолишди. Ҳатто бизнинг олдимизга ҳам келишди», — деди у.

«Мамлакатимизни бошқа жиноий етакчиларга бўйсундира бошлашди. „Салимбойвачча“ мамлакатимиз жанубини тўлиқ назоратга олди. Жанубда барча уюшган жиноятчилар етакчилари, йирик бизнесменлар, ҳатто сиёсий арбоблар ва парламент депутатлари ҳам унинг олдига борарди. Унинг айтганларини бажарарди», — деди у. Ташиев энди мамлакат ўз-ўзидан ривожанишини қўшимча қилди.

2024 йил март ойида 6 йилга қамалган тадбиркор Салим Абдувалиев 12 январь куни соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли озодликка чиққан. Уни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2024 йил август ойида Интерпол орқали қидирувга берганди. Абдувалиев уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштиришда гумонланган.