Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 27 декабрь кунги буйруғи билан «Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида олди-сотди битимларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.

Низом қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида акциялар, корпоратив, инфратузилмавий облигациялар ва ҳосилавий қимматли қоғозларнинг муомалада бўлиш тартибини белгилайди.

Биржадан ташқари савдо тизими (БТСТ) — қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан ташкил этиладиган, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш буюртмаларини йиғиш ҳамда бажарилишини таъминлайдиган биржадан ташқари электрон савдо тизими.

Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида қимматли қоғозлар билан битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш электрон шаклда амалга оширилади.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ўз мижозларига қуйидаги хизматларни кўрсатади:

  • юридик ва жисмоний шахслардан қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмаларни қабул қилиш;
  • қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш;
  • қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказишни расмийлаштириш;
  • қимматли қоғозлар билан битимларни рўйхатдан ўтказиш;
  • БТСТда муомалада бўлган қимматли қоғозлар котировкаси ҳақида маълумот бериш;
  • қимматли қоғозлар билан битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни аниқлаш ва ҳисобга олиш (клиринг).

Ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:

  • мижозларни БТСТда рўйхатдан ўтказиш, мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати фаолияти, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш тартиблари;
  • биржадан ташқари савдо ташкилотчиси ва мижознинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • биржадан ташқари трейдерларнинг жавобгарлиги ва ҳисоботи.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ва хизмат кўрсатувчи депозитарий ўртасидаги ҳамкорлик қилиш шартлари ҳамда тартиби қонунчилик ҳужжатлари ва улар ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачисининг электрон ҳужжатларни қабул қилиш ва юбориш йўли билан амалга оширилади.

Савдога қўйилган қимматли қоғозларнинг мавжудлигини таъминлаш ва ҳисобга олиш хизмат кўрсатувчи депозитарий томонидан амалга оширилади, рўйхатдан ўтказилган мижозларнинг пул маблағлари ҳисоби ва сақланиши эса биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси томонидан амалга оширилади.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ҳар ойнинг биринчи иш кунида рўйхатдан ўтказилган битимларнинг ҳисоб регистридан кўчирма тақдим этади.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачиси мижозга етказилган ҳақиқий зарар, шунингдек ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижознинг ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачиси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг тасарруфида бўлган маълумотларнинг хавфсизлиги ва махфийлиги ҳамда уларнинг ошкор қилиниши натижасида етказилган барча зарарларни қоплаш учун жавобгар бўлади.