Тошкентдаги 700 га яқин автобус бекати минимал инфратузилма талабларига жавоб бермайди. Уларнинг 130 тасида павильон йўқ, 325 таси эса электрлаштирилмаган. Шу сабабли кўплаб автобус бекатларида автобусларда йўл ҳақини тўлаш учун бир марталик QR-чипталарни харид қилиш инфокиоскларини ўрнатиш имкони йўқ. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов маълум қилди.
Меъёрларга кўра, инфокиосклар ҳар бир бекатдан 300 метр радиусда жойлаштирилиши керак. Бу талабга амал қилинмоқда, бироқ Транспорт бошқармаси, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ва АТТО (йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими оператори) инфокиосклар сони етарли эмаслиги бўйича шикоятлар олмоқда.
Миракбар Икромовнинг таъкидлашича, меъёр барча бекатларга электр кабеллари тортилмагани билан боғлиқ, аммо 300 метр радиусда у албатта мавжуд.
«Ҳозирда биз бекатларга яқинроқ электрлаштирилган жойларни излаяпмиз, чунки инфокиосклар йўловчилардан узоқда жойлашгани ёки уларга етиб бориш ноқулайлиги ҳақида хабарлар оляпмиз. Ушбу маълумотларга асосланиб, яна 675 та инфокиоск ўрнатиш зарурлигини аниқладик. Улардан 210 таси аллақачон ўрнатилган. Биз 500 та бекатга инфокиосклар ўрнатишни мақсад қилганмиз. 1 февралга қадар барча инфокиосклар ишга туширилади», — деди Миракбар Икромов.
Унинг қўшимча қилишича, инфокиосклар фақат тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобидан ўрнатилмоқда. Улар буни қўшимча имконият деб билишади, чунки чипталар сотиш ва транспорт карталарини тўлдиришдан ташқари, қурилмалар бир қатор бошқа хизматларни ҳам кўрсатади. Инфокиоск операторлари чипталар сотиш ва транспорт карталарини тўлдиришдан транзакция суммасининг 3 фоизигача даромад олади.
Шаҳардаги барча бекатларнинг асосий балансчиси пойтахт ҳокимлиги бўлгани сабабли маъмурият камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда, дея қўшимча қилди у.
«Бугун Тошкент ҳокимлиги ушбу бекатларни аукционга қўйди. Тадбиркорлар уларга фақат реклама (дўконлар эмас) жойлаштириши мумкин. Яқинда 50 та бекат сотилди», — деди Миракбар Икромов.
Журналистларнинг автобусларда нақд пул қабул қилишни бекор қилишдан олдин нима учун масъул органлар бу муаммоларнинг барчасини ҳисобга олмагани ҳақидаги саволига Миракбар Икромов ҳар қандай янгиликда барча жиҳатни тўлиқ ҳисобга олиш мураккаб эканини айтди.
«Агар шаҳарда 5000 дан ортиқ инфокиоск бўлса, автобус бекатлари эса атиги 2600 та бўлса, демак, улар етарли бўлиши керак, деб ўйладик. Бир кунда 30−40 та инфокиоск ўрнатилмоқда», — деди Миракбар Икромов.
Бундан ташқари, АТТО инфокиоск операторларидан қайси қурилмалардан энг кўп чипта сотиб олинаётганини текширишни ва навбатларни қисқартириш учун бу жойларда уларнинг сонини кўпайтиришни сўраган, деди компания директори Даврон Шоёқубов.
Эслатиб ўтамиз, Транспорт бошқармаси маълумотларига кўра, январь ойининг дастлабки кунларида йўловчилар йўл ҳақининг 4 фоизини бир марталик QR-чипталар билан тўлаган. 14 январь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 1 фоиздан кам ёки 10 мингта автобус қатновигача қисқарган. Февраль ойида бу кўрсаткич пасайишда давом этиши ва йил давомида 0,1 фоизга етиши кутилмоқда. Бу мақсадли кўрсаткич бўлиб, автобус салонида нақд пул қабул қилинмайдиган бошқа шаҳарлар маълумотларига мос келади.
Аввалроқ Тошкентда автобусларда нақд пул қабул қилиш бекор бўлганидан сўнг жамоат транспорти йўловчилари транспорт карталари тақчиллигига дуч келгани ҳақида хабар берилганди. АТТО компанияси карталарни чайқовчилар оммавий равишда сотиб олаётганини тушунтирган. Уларга қарши курашиш учун энди бир кишига иккитадан ортиқ карта берилмайди.