Ҳакимжон Долимов Абдумўминович Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, у ҳокимнинг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Ҳакимжон Долимов 1983 йилда Бувайда туманида туғилган. 2006 йилда Фарғона политехника институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Фарғона вилояти иқтисодиёт бош бошқармасида мутахассисликдан бошлаган.

Юқоридаги бошқармада бош мутахассис, биринчи ўринбосар, Фарғона вилояти ҳокимининг саноат, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимларида фаолият юритган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Миллий ва ҳудудий инвестицияларнинг йўналиш ва лойиҳаларини шакллантириш бошқармаси бош мутахассиси, Фарғона вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори вазифаларида ишлаган.

У 2021 йилдан тайинловга қадар Фарғона вилояти ҳокимлиги капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати директори лавозимида ишлаб келаётганди.