14 январь куни соат 23:15 да Самарқанд вилояти ҳудудида Зиёвуддин ва Навоий станциялари ўртасидаги 3872 километрлик йўлда 772-сонли Тошкент — Бухоро йўналишидаги Afrosiyob тезюрар поезди билан боғлиқ ҳодиса юз берди, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати.
Темирйўлга номаълум шахслар томонидан бетон шпал қўйиб кетилган бўлиб, бу ҳолат фавқулодда тормозлашни талаб этган.
«Машинистларнинг профессионал ҳаракатлари туфайли жиддий оқибатнинг олди олинди ва йўловчилар хавф остида қолмади», — дейилади хабарда.
Поезд тўхтатилгач, техник бригада томонидан зудлик билан текширилди. «Маълум даражада шикастланганига қарамай, поезд кейинги ҳаракатланиш учун хавфсиз деб топилди ва ўз йўналишини давом эттира олди». Поезд Бухоро вокзалига соат 01:27 да — 1 соат 24 дақиқа кечикиш билан етиб келди.
Воқеа жойига «Зиёвуддин» темирйўл масофаси мутахассислари, Бухоро минтақавий узели ва транспорт хавфсизлигини таъминлаш хизмати ходимлари дарҳол етиб келди. Воқеа сабаблари ва ҳолатлари текширилмоқда, деб таъкидланади хабарда.
Темирйўл компанияси «Газета.uz» сўровига жавоб қайтариб, поездда 133 нафар йўловчи бўлганини маълум қилди.