Исроил ҳукумати якшанба куни кучга кириши кутилаётган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилишни назарда тутувчи битимни маъқуллади. Олти соатдан кўпроқ давом этган ҳукумат йиғилишида 24 нафар вазир ёқлаб, 8 нафари қарши овоз берди, деб ёзмоқда Reuters.

«Ҳукумат гаровга олинганларни қайтариш асосларини тасдиқлади. Унинг тартиби якшанба куни кучга киради», — дейилади Нетаньяҳу идорасининг қисқача баёнотида.

Агентликнинг таъкидлашича, Ғазода Исроил ҳарбий самолётлари ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга эришилганидан кейин ҳам кучли ҳужумларни давом эттирган. Ғазодаги шифокорларнинг айтишича, шанба куни эрталаб Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида анклав жанубидаги Хон Юнусда беш киши ҳалок бўлган.

Бу келишув эълон қилинганидан бери Исроил бомбардимонидан ҳалок бўлган фаластинликлар сонини 119 нафарга етказди, дейилади хабарда.

Келишув уч босқичда амалга оширилади: биринчи босқичда, келишувга кўра, ҲАМАС 33 нафар гаровга олинганларни озод қилиши, Исроил эса бир ярим мингдан ортиқ фаластинлик маҳбусларни қамоқдан чиқариши керак. Гаровга олинган исроилликларнинг илк 3 нафари 19 январь куни озод қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг аҳоли зич жойлашган ҳудудларини аста-секин тарк этиши керак. Бу ҳаракатлар 42 кун давом этади. Битимнинг иккинчи босқичи Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқишни назарда тутади, аммо унинг шартлари ҳали келишилмаган, музокаралар давом этмоқда. 17 январь куни эрталаб Исроил бош вазири офиси битим тузилганини расман тасдиқлаган.

Учинчи босқич эса ҳалок бўлган гаровдагиларнинг қолган жасадларини қайтариш ва Миср, Қатар ҳамда БМТ назорати остида Ғазо ҳудудини қайта тиклашни бошлашга бағишланади.