Тошкентда 15 январь куни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга қаратилган «Хавфсиз ва соғлом пойтахт» комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди.

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, бундай жиноятлар даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Уларнинг алоҳида хавфи шундаки, тақиқланган моддалар, айниқса ёшлар орасида кенг тарқалмоқда, уларнинг кўпчилиги бу моддаларни истеъмол қилиш қандай оқибатларга олиб келишини англамайди, деб таъкидлади бошқарма матбуот хизмати «Газета.uz»га берган изоҳида.

Янги турдаги наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг пайдо бўлиши, шунингдек, уларни тарғиб қилиш ва тарқатишнинг янги усуллари вазиятни мураккаблаштирмоқда. Янги технологиялар «сотувчилар» ва «харидорлар»га бевосита мулоқот ва ўзаро алоқасиз тўлов операцияларини амалга ошириш имконини беради.

2024 йил давомида Тошкент шаҳрида ушбу жиноятлар бўйича 3447 та жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг аксарияти — 2413 таси ёки 70 фоизи интернет орқали содир этилган.

Ўтказилган тадбирлар натижасида бир йил ичида 238 кг 815 г гиёҳвандлик воситалари (синтетик ва ўсимлик), психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда препаратлар мусодара қилинди.

«Наркограффити»нинг (гиёҳванд моддалар онлайн-дўконлари рекламаси) 7162 та ҳолати аниқланди. Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи ва уларни тарғиб қилувчи ижтимоий тармоқлардаги 13 мингдан ортиқ гуруҳ ва каналлар ёпилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бир ой давомида кеча-кундуз ишлайдиган кундузги ва тунги махсус гуруҳларни ташкил этади. Совуқ қурол ва бошқа тақиқланган нарсаларни олиб юриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш («закладка»лар), «наркограффити» каби ҳолатларни аниқлашга қаратилган тунги рейдлар кучайтирилади.

Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали гиёҳванд моддаларни сотиш ҳолатларини аниқлаш, уюшган жиноий схемаларни фош этиш ва ёшлар орасида тақиқланган моддалар тарқалишининг олдини олиш бўйича манзилли тезкор-профилактик тадбирлар режалаштирилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пойтахтдаги барча 468 та мактаб ва 90 та олий таълим муассасаси ҳамда 585 та маҳаллада учрашув ва суҳбатлар ўтказишни режалаштирмоқда.

Жиноят ҳақида қаерга хабар бериш керак?

ИИББ гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни тарқатишга алоқадор шахслар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари онлайн-дўконлари рекламаси ҳақида маълумотга эга бўлган фуқароларни 71−206−44−79 телефон рақами ёки @stopnarko_bot Telegram боти орқали хабар беришга чақирди. Ариза берувчининг шахси сир сақланади.