Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги «Газета.uz»га «Ижтимоий карта» тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун хусусий шерик танлаш борасида изоҳ берди.

Аввал хабар қилганимиздек, агентлик ўтган йил охиридан ижтимоий карталарни беришни бошлаган — улар ҳозирча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида синов тариқасида жорий этилмоқда.

Жараённи тартибга солувчи ҳукумат қарорига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун БААдаги Oxinus Holding Limited компанияси (Sirius Holding шўба корхонаси) билан шартнома тузди. Ҳамкорлик яратиш, синовдан ўтказиш, саноат миқёсида фойдаланиш ва тизимни такомиллаштириш босқичларини ўз ичига олади.

Ушбу компанияда Ўзбекистон вакиллари ҳам фаолият юритмоқда. LinkedIn маълумотларига кўра, узоқ йиллар давомида Марказий банк ва Молия вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, шунингдек, «Ипотека банк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Фаррух Ботиров уч ой аввал Oxinus Holding Limited компаниясида бош менежер лавозимида иш бошлаган.

Ижтимоий карта мамлакат резидент банклари («Халқ банки» ва «Алоқабанк») томонидан чиқариладиган Visa-карталар асосида тайёрланади.

Агентлик маълумотларига кўра, Visa асосидаги ижтимоий карта Ўзбекистоннинг барча терминалларида, уларнинг туридан қатъи назар, товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, у бутун дунё бўйлаб тўловларни амалга ошириш имкониятини тақдим этади.

Тижорат банклари банкоматлари орқали нақд пул ечиб олиш учун воситачилик ҳақи миқдори сумманинг кўпи билан 1 фоизини ташкил этади. 2022 йилдан бошлаб ижтимоий тўловлар ва нафақаларни олувчиларнинг муайян тоифаларига нақд пулга айлантириш вақтида юзага келиши мумкин бўлган харажатларни қоплаш учун тўловлар суммасининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов ҳисобланади.

Visa (p2p) ижтимоий карталари ўртасидаги ўтказмалар бўйича комиссиялар ҳам республика бўйича ўртача ставкалардан ошмайди, дея таъкидлади агентлик. Ижтимоий карта орқали товарлар ва хизматлар учун тўловни амалга оширишда ижтимоий тўловларни олувчилардан қўшимча комиссия ундирилмайди. Барча тўлов тизимлари, шу жумладан маҳаллий тўлов тизимлари учун кўзда тутилганидек, барча харажатларни сотувчи тўлайди.

Агар нақд пул ечиб олиш учун комиссия 1 фоиздан ошса ёки ижтимоий картадан фойдаланган ҳолда товарлар/хизматларни харид қилишда қўшимча тўлов ундирилса, фуқаролар бу ҳақда 1140 ёки 1070 телефонлари орқали хабар беришлари мумкин.

Лойиҳа бюджети ва оператори

Агентлик хабарига кўра, дастлабки босқичда лойиҳа Абу-Дабида жойлашган Oxinus Holding Limited компаниясидан 3 миллион доллар миқдорида сармоя олган. Компания рақамли тўловлар ва трансформация учун аппарат ва дастурий ечимларни ишлаб чиқишга ихтисослашган.

«Oxinus Holding Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африкада фаолият юритади, ушбу ҳудудларда рақамли тўловлар, даромадларни оптималлаштириш ва рақамли трансформация ечимлари каби лойиҳаларни бошқаради. Бундан ташқари, Oxinus турли хил бизнес муаммоларини ҳал қилишга мўлжалланган фойдаланишга тайёр дастурий маҳсулотларнинг тўлиқ тўпламини таклиф қилади. Компаниянинг бир нечта шўба корхоналари ҳам мавжуд, жумладан, Ўзбекистонда битта», — дейилади хабарда.

Давлат органининг маълум қилишича, оператор ва лойиҳанинг бошқа иштирокчилари лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқиладиган техник талаблар асосида танланади. «Газета.uz» хусусий шерик танлашда танлов ўтказилгани ёки ўтказилмагани ҳақида маълумот ололмади.

Ижтимоий картадан картани чиқарган банкнинг мобил иловаси орқали фойдаланиш мумкин (синов босқичи доирасида бу «Халқ банки»). Яқин ойларда махсус «Ижтимоий карта» мобил иловаси ишга туширилади, у карта функционаллигини оширади (у орқали шахсий ҳужжатлар — паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқаларни ҳам тақдим этиш мумкин бўлади) ва дастурдан фойдаланишни соддалаштиради. Иловани ишга тушириш санаси ҳақида қўшимча хабар берилади.