Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев футбол бўйича мамлакат терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг «Манчестер Сити» клуби сафига ўтаётгани ҳақида гапирди. Мамлакат раҳбарининг бу бўйича Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид ибн Муҳаммад Ол Наҳаён билан суҳбатидан қисқа лавҳа «Менимча» кўрсатувида эфирга узатилди.

Лавҳада Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистон президенти билан суҳбатда Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери ҳақида гап очгани, Шавкат Мирзиёев эса бунда хабари борлиги ва жуда хурсанд бўлганини таъкидлаганини кўриш мумкин.

Шайх Холид ибн Муҳаммад Ол Наҳаён эса футболчи ҳақида гапириб, уни «жуда тез йигит, кучли йигит, қўрқмас», деб атади.

Шунингдек, Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистон президентига «учқур ўғлон, профессионал футболчи улғайтирган» ўзбек халқига ҳурматини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни машҳур футбол журналисти Фабрицио Романо «Ланс» клуби марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» клубига трансфер қилинганини эълон қилди. Ўзбекистонлик футболчи АПЛ жамоасига 40 млн еврога сотилган.

Аввалроқ «Газета.uz» таҳририяти 2024 йил ёзида Ўзбекистон терма жамоасининг Париж Олимпиадасига йўл олиши тарихи ҳақидаги ҳужжатли фильмни тайёрлаш жараёнида терма жамоа аъзоси Абдуқодир Ҳусановдан олинган интервьюни эълон қилганди.