Англия Премьер лигасининг «Манчестер Сити» клуби ўзининг расмий саҳифаларида Абдуқодир Ҳусанов трансферини эълон қилди.

Аввалроқ футбол журналисти Фабрицио Романо, Абдуқодир АПЛ клуби билан 2029 йил июнигача мўлжалланган шартнома имзолаганини маълум қилганди. Келишувни яна бир йилга узайтириш имконияти бўлади. Клуб ўзбекистонлик футболчини «Ланс»дан 40 миллион еврога сотиб олди.

абдуқодир ҳусанов, апл, манчестер сити

20 ёшли футболчи АПЛда ўйнайдиган илк ўзбек футболчиси бўлди.

Ҳусановнинг карьераси

Ҳусанов фаолиятини Ўзбекистоннинг «Бунёдкор» клуби академиясида бошлаган, бироқ, мураббийларнинг фикрича, у жуда «кичик ва кучсиз» бўлган. 2022 йилда у Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубига ўтган ва у ерда тезда асосий ўйинчига айланган.

2023 йилда Ҳусанов Ўзбекистон терма жамоаси билан турнир давомида фақат битта гол ўтказиб юбориб ёшлар ўртасидаги (U-20) Осиё кубогида ғолиб чиққан. У дунёнинг энг истиқболли ҳимоячилари рўйхатига киритилган. Кейинчалик у асосий терма жамоа аъзосига айланди.

Ўша йили «Ланс» Ҳусановни рамзий 100 минг евро эвазига жамоасига қўшиб олди. Дебют мавсумида у Лига 1 да 11 ўйин ўтказди, Чемпионлар лигасида икки марта, жумладан, «Арсенал»га қарши ўйинда майдонга тушди.

Французларнинг асосий марказий ҳимоячиси Кевин Дансонинг соғлиғидаги муаммолар туфайли Ҳусанов «Ланс»нинг асосий ўйинчисига айланди. Унинг ишончли ўйинлари жамоага Лига 1 даги энг яхши ҳимоялардан бири бўлишга ёрдам берди (16 ўйинда клуб 15 та гол ўтказиб юборди, фақат ПСЖда камроқ — 14 та).

Аввалроқ «Газета.uz» таҳририяти 2024 йил ёзида Ўзбекистон терма жамоасининг Париж Олимпиадасига йўл олиши тарихи ҳақидаги ҳужжатли фильмни тайёрлаш жараёнида терма жамоа аъзоси Абдуқодир Ҳусановдан олинган интервьюни эълон қилганди.