Тошкент вилояти ва шаҳрида атмосфера ҳавосига зарар етказаётган 46 та иссиқхонанинг фаолияти тўхтатилди, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати.

Ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари меъёридан ошиб кетишининг сабабларини аниқлашга қаратилган тадқиқотлар Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Тошкент туманларида ҳамда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Бектемир ва Олмазор туманларида олиб борилди.

Тошкент шаҳри ва вилоятини ажратиб турувчи Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб Эшонгузар аҳоли яшаш пунктидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтигача бўлган 9 та нуқтада кўчма лаборатория ёрдамида ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинди. Натижада PM-2,5 ва PM-10 ифлослантирувчи моддалар миқдори 0,05 мг дан 540 мг гача кўтарилгани аниқланди.

Фаолият юритаётган 440 та иссиқхонадан 46 таси мавсумий бўлиб, қозонхонага эга эмас (Зангиота туманида 16, Қибрай туманида 10, Тошкент туманида 4, Юнусобод туманида 11, Мирзо Улуғбек туманида 5 та).

Натижада 37 та иссиқхона эгасига жарима солинди, 46 та иссиқхонанинг фаолияти тўхтатилди. 426 та иссиқхона эгаларига чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш зарурлиги, шунингдек, резина ва бошқа чиқиндилардан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқлангани ҳақида огоҳлантириш берилди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, майда PM-2,5 заррачалари билан ифлосланган ҳаводан узоқ вақт нафас олиш болаларда ҳам, катталарда ҳам астма хавфини оширади. 2019 йилда дунёдаги астма ҳолатларининг деярли учдан бир қисми PM-2,5`нинг узоқ муддатли таъсири билан боғлиқ бўлган.