Президент Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Ҳисоб палатасининг 2024 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган асосий вазифаларига бағишланган тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда Ҳисоб палатасининг иш услуби ўзгартирилиб, ҳудудларда бюджет интизомига кўмак берувчи ҳамкор идорага айлантирилди. Олдинги текширув тизими ўрнига халқаро стандартлар асосида аудит тизими жорий қилинди. Жаҳон банкининг «Ташқи аудит индикатори»да Ўзбекистон «яхши» даражага кўтарилди, дея эслатди президент матбуот хизмати.

Президентнинг 2024 йилги «Буджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида вазирликлар ва давлат органларида ички аудит тизимини такомиллаштириш, шунингдек, тизимни рақамлаштириш, консолидациялашган бюджет ижросини ташқи аудитдан ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Ташкилотнинг рақамли трансформацияси жараёни давом этмоқда: «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди, унга 34 та вазирлик ва идора интеграция қилинди.

Натижада 2024 йилда Ҳисоб палатаси янги манбалар ҳисобидан 3,7 триллион сўм бюджетга қўшимча тушумларни таъминлади. Вазирлик ва идораларнинг 9,2 триллион сўмлик самарасиз харажатлари мақбуллаштирилди, 2,3 триллион сўмлик молиявий камчиликлар олди олинди. Давлат харидларига оид 4,5 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилди, дейилади хабарда.

Йиғилишда бу борадаги тизимли ишларни жорий йилда ҳам давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизимига 110 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базаси интеграция қилинади. Бу орқали жорий йилда 480 триллион сўмлик бюджет харажатлари мониторинги тўлиқ қамраб олинади.

Буджет даромадларининг қўшимча манбаларини аниқлаш, молиявий ва бошқа рискларнинг олдини олиш, давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий фаолиятини назорат қилиш доимий вазифа бўлиб қолмоқда.

Жорий йилда бюджетга 309 триллион сўм даромадлар тушишини таъминлаш чоралари кўрилади. Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни халқаро стандартлар асосида аудитдан ўтказиш амалиёти бошланади.

Президент барча давлат идораларида молиявий интизом ва тежамкорликка қатъий амал қилиниши зарурлигини таъкидлади.