Навоий шаҳрида йўл-патрул хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳолат 19 январь куни соат 01:45 да шаҳарнинг Ислом Каримов кўчасида содир бўлган. Вилоят ЙҲХБ инспектори Жасуржон Муҳаммадов хизмат пайтида давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet машинасига тўхташ ишорасини кўрсатган.
Бироқ ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмай, йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор эса ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Тезкор суриштирув ҳаракатларида Kia Sonet’ни 2008 йилда туғилган С.М. бошқаргани, машина унинг отасига тегишли бўлгани аниқланган. Автомобиль яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Инспектор Жасуржон Муҳаммадов 1993 йилда туғилган, 2 фарзанднинг отаси бўлган. У ички ишлар органлари тизимида 2017 йилдан буён ишлаб келган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, йўл ҳаракати қоидаларини билмайдиган Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси йўлда бошқа фуқарони уриб юбориши ҳам мумкин эди. Афсуски, ватан олдидаги бурчига садоқат кўрсатиб хизмат қилаётган ЙПХ инспектори тўхташ ишорасини берган вақтида қоидабузарлик қурбони бўлди», — деди ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов.
У кейинги вақтларда катталар томонидан вояга етмаган болаларга машина бошқарувини бериш ҳолатлари кўп учраётганини таъкидлади. ЙҲХХ вакили ота-оналардан фарзандларининг, қолаверса, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлиги учун бундай хатони қилмасликларини сўради.