Республика олий таълим кенгаши танқидларга ва Дилмурод Артиқов бош прокурорга йўллаган депутатлик сўровига қарамай, барибир хусусий олийгоҳлар контрактдан тушадиган пулларининг 4 фоизини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб беришни истамоқда. Бу ҳақда иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Иқтисодчининг ёзишича, шу кунларда Республика олий таълим кенгаши хусусий олий ўқув юртлари раҳбарларини яна бир бор йиғиб, барибир пул тўлаши керак эканини, ҳеч қандай жамоатчилик норозилиги ёки депутатлар уларга ёрдам бермаслигини, қаршилик эса «мафия қонунлари бўйича жазоланишини» таъкидлаган. Шунингдек, йиғилишда имзоланиши ва кейин пул ўтказилиши керак бўлган шартномалар тарқатилган.

«Назоратсизлик ва ҳар ишга қодирликдан бутунлай ақлдан озган бизнинг бюрократиямиз ҳеч қандай қонунлар, жамоатчилик фикри ёки депутатлар уларга буйруқ беролмаслигини ва бизнес уларнинг қонуний ўлжаси эканини, буни қўйиб юбормасликларини, қайтанга фақат қаттиқроқ ушлашларини намойишкорона кўрсатмоқда», — дея ёзган Юлий Юсупов.

Profi University асосчиси Бектош Ҳатамов бу хабарни эшитгач, дарҳол ўз университети раҳбарлари билан суҳбатлашганини ёзди.

«Бизга ҳозирча ҳеч ким шартнома бермабди, ҳеч ким чақирмабди ҳам. Ўзи кенгашнинг қарорида ҳам хусусий университет раҳбарларининг 4 фоизли тўлов таклифи маъқуллансин дейилган, бугун ҳам аллақандай хусусий университет раҳбарлари чақирилиб, босим остида шартнома берилди дейишибди. Шу раҳбарлар ким? Мен ҳеч шу раҳбарлар билан учраша олмаяпман-да, бу раҳбарлар ўзи борми? Ё биз нимадирдир қолиб кетяпмиз, ё биз тушунмайдиган ишлар бўляпти», — дея таъкидлаган у.

У, шунингдек, агар хусусий университетлар бу тўловни амалга оширмаса, уларга нисбатан қандай расмий ва норасмий чоралар кўрилиши мумкинлигига қизиққан.

«Энди бир нарсани аниқлаб олайлик, ҳурматли рэкетчилар! Ўзи „солиқ“ солмоқчимисиз? Бу сизнинг тилингизда „доля“ дейилади, шу „доля“ берилмаса, нима бўлади? Ўлдириб юборасизларми? 90-йилларга қайтамизми? Агар шартнома деб айта олсак, ўша юридик жиҳатдан бир тийинга қиммат шартномага амал қилмаса, нима бўлади? Осмон қўлингизда бўлса, ташлаб юборинг-э, шу бошимизга тушиб ўлиб қолайлик. Ўзи бу „доля“ халқнинг устига қўйиладиган „доля“, хусусий университет пулни қаердан олади, шу талабадан олади-да, талаба эса кимнинг фарзанди? Шу халқнинг фарзанди. „Доля“ талаб қилаётган ким? У ҳам шу халқнинг ичидан чиққан, шу халқнинг фарзанди, четдан ҳеч ким йўқ», — деб ёзган Бектош Ҳатамов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Республика олий таълим кенгаши нодавлат олий таълим ташкилотлари Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ўтказиб бериши тўғрисидаги баённи имзолаганди.

Баён 29 ноябрь куни тасдиқланган бўлиб, унда мажлис муҳокама юзасидан, жумладан, қуйидагича қарорларга келгани айтилади:

  • Республикада амалга оширилаётган таълимга оид сиёсатни қўллаб-қувватлаш, зарур ҳолларда олий таълим ташкилотлари ва уларнинг талабалари манфаатини ҳимоя қилиш, таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида ҳамда давлат олий таълим ташкилотлари томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига 4 фоиз миқдорида ажратмалар йўналтирилаётганини инобатга олиб, нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан молия йили якунида тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг мазкур маблағлар бўйича молия йили охирига қолдиғининг 4 фоиз қисмини Республика олий таълим кенгашига йўналтириш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги нодавлат олий таълим ташкилотлари раҳбарларининг таклифини қўллаб-қувватлаш;
  • Республика олий таълим кенгаши бир ҳафта муддатда кенгаш ва нодавлат олий таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган мазкур маблағларни йўналтиришни назарда тутувчи намунавий шартнома ишлаб чиқиши ва 2025 йил 25 январгача барча нодавлат олий таълим ташкилотлари билан шартнома расмийлаштирилиши, шу кунгача шартномада белгиланган маблағлар Республика олий таълим кенгашига келиб тушишини таъминлаши;
  • Олий таълим ташкилотлари ректорларининг 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили»да республикада кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаш, «олий таълим намунаси»ни яратиш мақсадида олий таълим ташкилотлари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг бир кунлик иш ҳақини «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббусини маъқуллаш.

Ушбу баён ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг, ЎзЛиДеП депутати Дилмурод Артиқов Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ҳамда бош прокурорга сўров юборди.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги қонунларимизга мувофиқ кафолатланган, ҳеч бир ташкилот қонунга асосланмай туриб, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, нодавлат олий таълим муассасаларига турли тўловлар жорий қилиш ваколатига эга эмас», — дейилади партия матбуот хизмати берган хабарда.

Шунингдек, мазкур ҳолат соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи ҳабга айлантириш каби ислоҳотларга салбий таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланган.

Шу сабабли депутат Дилмурод Артиқов oлий таълим, фан ва инновациялар вазири ва бош прокурордан республика олий таълим кенгашининг нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ўтказиш бўйича чиқарилган баённомани қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан қайта кўриб чиқиш бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ҳамда ўз нуқтаи назарини баён этишини сўради.

29 декабрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати Республика олий таълим кенгаши қарорлари мажбурий кучга эга эмаслигини маълум қилганди.

Вазирлик кенгаш нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритишини ва давлат функцияларини бажармаслигини таъкидлаган. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига амал қилади ҳамда фақат тавсиявий характердаги таклифларни ишлаб чиқади, дейилади хабарда.

«Ҳар қандай маблағ билан боғлиқ ҳаракатлар ва муносабатлар тегишли шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги шартнома эркинлигини кафолатлайди. Кенгаш доирасида ёки қонунчиликка мувофиқ бундай муносабатларни мажбурлаш учун механизмлар мавжуд эмас. Шу боис, ҳар қандай молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлар томонларнинг ихтиёрий келишувлари асосида амалга оширилиши табиий ҳолатдир», — дейилади баёнотда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни нодавлат нотижорат ташкилотнинг ички иши сифатида баҳолаган.

Шунингдек, вазирлик ҳар қандай молиявий ҳаракатлар ёки манфаатлар поймол этилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар қабул қилишга ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини билдирганди. Барча мурожаатлар асосида тегишли чоралар кўрилиб, қонуний манфаатлар ҳимоя қилиниши таъминланиши айтилганди.

Ижтимоий тармоқдаги муносабатлар

Мазкур баённи эълон қилган иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ўзи бу воқеага муносабат билдириб, Ўзбекистонда янги солиқларни нафақат Олий Мажлис, балки қаердан келгани ва нима билан шуғулланиши унчалик тушунарли бўлмаган ҳар қандай давлат идораси ҳам анча осон — йиғилиш баённомаси бандлари билан ҳам киритиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Мамлакат эмас, балки мўжизалар майдони, сеҳрли чироқ, ҳеч қандай чекловларни ҳис қилмайдиган қудратли амалдорлар учун битмас-туганмас очил дастурхон. Пул керакми? Муаммо йўқ: уни қўл остимиздаги аудиториямиздан йиғамиз. Агар кимдир қаршилик қилса, текширув юборамиз ва лицензиясини олиб қўямиз», — деб ёзди у.

Иқтисодчи бу воқеадаги яна иккита жиҳатга эътибор қаратган:

«1. Солиқ орқа сана билан жорий қилинмоқда (бу солиққа тортиш тамойиллари нуқтаи назаридан бемаъни) — йил охирида йил давомида олинган тушумлар бўйича. Бу амалдорларни одатий рэкетлардан ажратиб турадиган нарса. Иккинчиси, молиявий йил охирида ўз хоҳиш-истакларини билдирмайди, тўлов ставкаларини олдиндан белгилайди. 2. Нодавлат университетларни талаш билан кимдир эмас, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги шуғулланмоқда (Республика олий таълим кенгаши ортида айнан у туради). Инновация, таълим, илм-фан, Карл! Яъни назарий жиҳатдан, инновацион иқтисодиётни яратиш учун зарур бўлган қулай сармоявий муҳитни яратиш ҳақида ҳаммадан кўра кўпроқ ғамхўрлик қилиши ва мамлакатда таълим ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши лозим бўлган бошқарма», — дея таъкидлаган Юлий Юсупов.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев Республика олий таълим кенгаши солиқ ёки мажбурий тўлов жорий қилиш ваколатига эга эмаслигини таъкидлади.

«Бу таклифни қайсидир нодавлат олийгоҳ раҳбарлари берган эмиш. Яъни „бизнинг пулимиз кўпайиб кетди, шунга 4 фоизини сизларга берайлик“ дейишибди. Баённомада айнан қайси нодавлат ОТМ ректорлари бунақа таклифни бергани ҳақида маълумот айтилмаган. Агар улар ростдан бор бўлса, унда эълон қилишса, яхши бўлар экан», — деган у.

У бу баённома ҳеч қайси ОТМга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини таъкидлаб ўтган.

«Бу баённомани пеш қилиб, пул ўтказишни талаб қилиш, агар ўтказмаса, турли оқибатлар келтириб чиқариши (масалан, лицензиясини олиб қўйишга ишоралар ва ҳ.к.) мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ (қоғозларда ҳар ҳолда, амалда билмадим энди). Шу сабабли нодавлат олийгоҳлар кенгашга 4 фоиз пул ўтказишга мажбур эмаслигини билиши зарар қилмайди. Унутманг, Республика олий таълим кенгашининг ўзи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, қанақадир давлатнинг ваколатли органи эмас, кимгадир мажбурият юклайдиган ваколати йўқ», — дея таъкидлаган Хушнудбек Худойбердиев.

«Гарчи баённома матнида мажбурийлик ҳақида гап кетмаган бўлса-да, аммо бундай мазмунда қарор чиқарилишининг ўзи ғалати. Бундай қарорлар камида Бизнес омбудсман ҳамда Адлия вазирлигидан экспертизадан ўтиши керак», — дея қўшимча қилган у.

Хушнудбек Худойбердиев, шунингдек, ўқитувчилар маошининг бир қисми дарахт экиш, ободонлаштириш учун ўтказилиши бўйича бандга ҳам эътибор қаратган.

«2025 йил юртимизда „Атроф-муҳитни асраш ва „яшил иқтисодиёт“ йили“ деб эълон қилингани муносабати билан кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига олий таълим тизимидаги раҳбар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини „Яшил макон“ умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббуси маъқулланибди. Бу ташаббусни ким берган дейсизми? Албатта, яна ўша олийгоҳ ректорлари берган эмиш. Қайси ректорлар бу ташаббусни билдиргани маълум эмас. Лекин агар шунақа ректорлар ростдан бор бўлса, унда номард экан. Агар ўша ректорларни кўриб қолсам „Хоҳласангиз ўзингизнинг иш ҳақингизни 100 фоизини ўтказиб бераверинг, бу сизнинг ишингиз, лекин ўқитувчиларнинг ойлигига кўз олайтирманг ва бировнинг пулига хўжайинчилик қилманг“ деган бўлардим», — деб ёзган у.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов бу воқеа фонида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу соҳада лицензия берувчи ташкилот бўлиб қолаётганига эътибор қаратди.

«Албатта, бу „солиқ“ / „ўлпон“ ноқонуний — қонунчиликка мувофиқ, ҳар қандай мажбурий тўловлар фақат парламент томонидан қонун билан киритилиши керак. Ва, албатта, бу Ўзбекистонда бизнес юритиш (фарқи йўқ, қайси соҳада — олий таълим бўлиши шарт эмас) мақсади бўлган ички ёки ташқи инвестор учун ёмон сигнал — исталган ташкилот исталган вақтда битта „протокол“ билан ўлпон жорий қила оладиган муҳитда бизнес юритиш — ҳалол инвестор учун жуда катта риск», — деб ёзди у.

Комил Жалиловнинг таъкидлашича, масаланинг бошқа томони бундай тўлов ноқонуний бўлгани билан нодавлат ОТМлар унинг устидан шикоят қилиши даргумон эканида ҳисобланади.

«Чунки нодавлат ОТМларига лицензияни берадиган ташкилот — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги. Вазирлик „ўлпон“ тўлашдан бош тортган ва шикоят қилган нодавлат ОТМ устидан бирон баҳона билан лицензияни бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилмаслигига кафолат йўқ. Шу пайтда эна ва қози ҳақидаги сал қўполроқ, лекин топиб айтилган халқ оғзаки ижоди намунаси эсга тушади», — дея таъкидлаган у.

«Қизиғи, бу протокол билан фақат нодавлат ОТМларига „ўлпон“ жорий қилинмаган. Протокол билан ОТМлар раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари ойлигидан ҳам ушлаб қолиш режалаштирилган (16-бандга қаранг). Афтидан, протоколни тузганлар модомики юридик шахсларга „ўлпон“ жорий қила олар эканмиз, нега жисмоний шахслар ойлигидан ҳам ушлаб қола олмаслигимиз керак, деб ўйлашган шекилли. Ўзбекистонда қайси орган солиқ солиш ваколатига эгалигини аниқ-тиниқ белгилаб берган Конституция бузилгандан кейин, ходимнинг ойлигига дахл қилишни тақиқловчи Меҳнат кодекси нима бўлибди», — дея қўшимча қилган таълим бўйича эксперт.

Парламентсиз солинаётган солиқ

Иқтисодчи Юлий Юсупов хусусий университетлардан мазкур тўловни барибир тўлаш сўралгани ҳақида ёзганидан кейин молиячи Отабек Бакиров ўзининг Telegram каналида «Сал эсдан чиқсин, билганимизни қиламиз» сарлавҳали пост қолдирди.

«Ихтиёрий-мажбурий туздирилаётган шартномалар ҳақида ўтган куни университет очган тадбиркорлар айтганда, тўғриси, ишонмагандим. Кимгадир лицензиясини тортиб қўйиш, кимгадир текшириш уюштириб бўйнига „айб“ қўйиш билан таҳдидлар бўлган. Бу 2015 йилдаги қип-қизил эски Ўзбекистон. Ўз ихтиёри билан „шартнома тузиб“, 4 фоизли товон тўламаганларга қарши бу кетишда рэкетчилар „маски шоу“ уюштиришса ҳам керак. Дарвоқе, университетларга 4 фоизли товон бу якуний қароқчилик эмас. Ўтаётган ҳафтада олий таълим субъектлари учун инвестиция жалб қилиш режаси ҳам қўйилган», — дея ёзган Отабек Бакиров.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса бу нарса бир қарашда майда ёки таълимга нисбатан одатдаги чекловдек туюлиши мумкин бўлса-да, аслида эса ўта катта нарса эканини таъкидлади. Унинг айтишича, бу фикрга давлатчилик, институционал тийиб турувчи воситалар ва қонуний тартиб нуқтаи назаридан келинган.

«Солиқлар бу зарурий жамият харажатларини молиялаштириш учун олдиндан келишилган ҳолда ва тартибда йиғиладиган маблағлар. Жамиятни айрим эҳтиёжларини қондириш учун пул йиғиш керак. Масалан, ҳаво хавфсизлигини таъминлаш учун маблағ керак — шунга ўхшаган оммавий товарларни молиялаштириш учун йиғиладиган маблағлар — солиқлар деб аталади. Бу пулларни йиғиш тартиби ҳам, механизмини ҳам, кўламини ҳам ва энг муҳими ишлатилишини ҳам — парламентлар белгилаши лозим ва лобуд», — дейди иқтисодчи.

Беҳзод Ҳошимов бу амалиёт унга Олий Мажлисдан ташқарида содир бўлаётган солиққа тортилиш амалиётидек кўринаётганини таъкидлаган.

«Тўғри, бу миллионлаб инсонларни таълими учун ёмон эканини ва таълим саноати учун ёмон таъсири албатта аянчли ва айтилиши керак бўлган масала. Лекин анча жиддийроқ қисми, мамлакатдаги ташкилотларни мажбурий тўлов, яъни солиққа тортилиши қонуний манзил — Олий Мажлис орқали эмас, қонун қабул қилиб, солиқ кодекси орқали эмас, бир йиғилишни протоколи орқали бўлиши анча жиддийроқ масаладек кўриняпти менга», — дея ёзган иқтисодчи.

Беҳзод Ҳошимов, шунингдек, соф солиқчилик тарафидан айланма яъни «оборот» солиғи — мавжуд солиқларни ичида иқтисодиётга энг зарарли тури эканини эслатган ва ўзининг 2018 йилда «Газета.uz» учун ёзган мақоласига ҳавола қолдирган.