Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) Глобал экологик фонд (ГЭФ) молиявий кўмагида 6,5 миллион долларлик иккита халқаро лойиҳани ишга туширди, уларни 2030 йилгача амалга ошириш режалаштирилган, деб хабар берди БМТТД матбуот хизмати.
Ушбу лойиҳалардан бири — «Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ва 7-миллий ҳисоботини янгилашни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс дастур».
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Глобал биохилма-хиллик асослари ва унинг асосида ишлаб чиқилган янги миллий мақсадларга мувофиқ янгиланган миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини тайёрлаши кутилмоқда.
Шундай қилиб, ушбу лойиҳа биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, сақлаш ва тиклаш соҳасида узоқ муддатли давлат сиёсатини шакллантиришга қаратилган бўлиб, бу барча томонлар: давлат ташкилотлари, бизнес ҳамжамиятлари ва жамоатчиликнинг фаол ҳамкорлигини талаб қилади.
Иккинчи йирик лойиҳа — «Ўзбекистоннинг юқори қийматга эга ландшафтларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича комплекс бошқарув» лойиҳаси пухта ишлаб чиқилган ва инклюзив сиёсат орқали экотизимларни тиклаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, экотизимларни тиклаш жараёнларида инновацияларни қўллаш, ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича самарали ва барқарор молиялаштиришни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга қаратилган.
Ушбу лойиҳани амалга оширишдаги асосий ҳамкорлардан бири 2024 йилда Тошкентда минтақавий ваколатхонаси расман очилган Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқидир. Лойиҳанинг тажриба ҳудудлари Ғарбий Тянь-Шань, Нурота тизмаси ва Қўгитанг ландшафтлари ҳисобланади.
Тадбир очилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ўринбосари Искандар Қутбиддинов сўзга чиқиб, экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг нутқини ўқиб эшиттирди:
«Ғарбий Тянь-Шань, Нурота ва Қўгитанг тоғ тизмаларидаги экотизимларни мустаҳкамлаш ва биохилма-хилликни сақлаш ташаббуслари, шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бизнинг узоқ муддатли мақсадларимизни белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу мақсадлар Глобал биохилма-хилликни сақлаш дастури доирасидаги ёндашувларга мос равишда амалга оширилади».
Тадбирда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии сўзга чиқиб, ушбу ташаббусларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди:
«Ўзбекистон ўзининг бой биохилма-хиллиги ва ноёб экотизимларини муҳофаза қилиш ва тиклаш бўйича салмоқли чора-тадбирлар кўрмоқда. Биз БМТ Тараққиёт дастури сифатида мамлакатнинг глобал биологик хилма-хиллик мақсадларига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Ишончимиз комилки, ҳукумат, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг ёш авлоди учун яшил келажак яратишда мустаҳкам пойдевор қўйиб, барқарор натижалар беради».