Малайзиянинг Five Petroleum компанияси Ўзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини очиши мумкин, деб хабар бермоқда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Баҳодир Сидиқов яқинда Five Petroleum бош директори билан учрашди. Томонлар Малайзия компанияси бренди остида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратишни муҳокама қилди.

Йиғилишда маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш учун замонавий технологиялар ва халқаро стандартларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Five Petroleum компанияси мамлакат ҳудудларида транспорт-логистика инфратузилмасини қуриш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Бундан ташқари, компаниялар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон ёқилғи-энергетика сектори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни ривожлантиришга келишиб олди.

Ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Five Petroleum Malaysia компанияси асосчиси ва бош директори Кинг Лим Чин Фуи билан учрашганди. Томонлар республикадаги инвестициявий имкониятлар ва Самарқанд вилоятида лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.

Малайзиялик тадбиркор компания томонидан ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган алюминий банкаларини етказиб беришда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган салқин ичимликлар ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида ва кейинчалик бошқа ҳудудларда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратиш ва уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.

Five Petroleum бренди 2020 йилда ташкил этилган. Ҳозирда компания Малайзия бўйлаб 110 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларини бошқаради. Компания, шунингдек, 400 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларига эга BHPetrol`нинг 60 фоиз акцияларига эга.