Германиянинг SBH West GmbH компанияси ҳамда Миграция агентлиги ва «Ватанпарвар» ташкилотлари ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.

Икки давлат миграция соҳасида илк бор амалиётга татбиқ этилаётган бу келишув натижасида 700 нафар ҳайдовчи Германияга тўғридан-тўғри ишга юборилади.

Бунда фуқаролар юк машиналари, автобус ва локомотив ҳайдовчиси сифатида Ўзбекистон ҳудудида немис тилига ўқитилади ва «Ватанпарвар» ташкилотида касбий қайта тайёрлов курсларида малака оширади.

«Ҳозирги вақтда Германияда 80 мингга яқин оғир юк машиналари ҳайдовчиларига талаб бор. Бу борада ўзбекистонлик ишчиларнинг тил ўрганиш жараёнларидаги салоҳияти ва касбий ўзлаштириш қобилияти мамлакат иш берувчилари томонидан алоҳида эътиборга олинмоқда», — деди SBH West GmbH компанияси директори Петер Ниеманн.

Унинг қўшимча қилишича, меморандум доирасида виза жараёнларидан келиб чиққан ҳолда йилига 500 нафар ишчини тил ва малака курсларида тайёрлаб тўғридан-тўғри иш билан таъминлаш режа қилинган. Миграция агентликнинг қайд этишича, ойлик маош 2400 — 2600 еврони (32−34 млн сўм атрофида) ташкил қилади.

«Ҳозирги кунда бир гуруҳ тингловчи онлайн дарсларда иштирок этмоқда, яқин кунларда янги гуруҳлар очилади ва кенг миқёсли ўқишлар бошланади», — дейилади хабарда.

Мурожаат учун агентлик телефон рақами: 1282, 71 202−33−55 (10/17).