Исроил 20 январга ўтар кечаси ҲАМАС томонидан озод қилинган уч киши эвазига 90 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди, деб хабар берди The Times of Israel нашри.
Алмаштиришдан олдин маҳбуслар Қуддус яқинидаги «Офер» қамоқхонасига етказилди. Озодликдан олдин Исроил хавфсизлик кучлари ва Қизил Хоч вакиллари ҳар бир маҳбуснинг шахсини текширди ва тиббий кўрикдан ўтказди, дейилади хабарда.
Озод қилинганлар орасида 69 нафар аёл, жумладан, бир нафар вояга етмаган қиз, 8 нафар вояга етмаган йигит ва 12 нафар эркак бор. Озодликка чиққандан сўнг 78 киши Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига, 12 киши Шарқий Қуддусга олиб кетилди.
Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканали хабарига кўра, озод қилинганлар орасида Фаластин мухториятининг Европа Кенгашидаги вакили ва Фаластин озодлиги халқ фронтининг маҳбуслар қўмитаси раҳбари Холида Жарар ҳам бор.
Исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштириш 19 январда бошланди: ҲАМАС гуруҳи исроиллик уч аёлни озод қилди.
Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимнинг биринчи босқичида ҲАМАС 97 нафар исроиллик гаровга олинганлардан 33 нафарини, Исроил эса мингдан ортиқ фаластинлик маҳбусни озод қилмоқчи.