Президент тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бу мақсадлар учун ҳар йили бюджетдан камида 100 миллиард сўм ажратилаётгани таъкидланди. Бундан ташқари, биргина ўтган йилнинг ўзида юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш учун 200 миллион долларлик хорижий инвестиция ва 94 миллион долларлик грантлар жалб этилди.

Натижада олдин фақат республика муассасаларида бўлган компьютер томографи, магнит резонансли томограф, ангиографлар ҳозир вилоятларда, ўнлаб туманларда ўрнатилди.

Жорий йил ушбу мақсадларга давлат ҳисобидан 200 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, тиббиётга 370 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши мўлжалланган.

Тақдимотда тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш режалари маълум қилинди.

Хусусан, Осиё тараққиёт банкининг 100 миллион доллар маблағи эвазига республикадаги 230 та туғруқ муассасаси учун 45 турдаги 21 мингта тиббий ускуна ва 6 та реанимобил харид қилинади. Германиянинг KfW банкининг 30 миллион евро маблағи ҳисобига Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги 19 тадан тиббиёт муассасаси юрак-қон томир касалликларини даволовчи 862 та ускуна билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, айни банкнинг 13,5 миллион евро миқдоридаги гранти эвазига Термиз шаҳрида ўқув маркази ва талабалар турар жойи қурилади. Марказ замонавий ўқув-симуляция ускуналари ва ахборот технологиялари билан жиҳозланади.

Давлат раҳбари тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш вазифанинг фақат бир қисми экани, ҳозирданоқ янги асбоб-ускуналар устида ишлай оладиган малакали мутахассисларни тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Тегишли муассасаларда шифокор ва ҳамшираларни қўшимча ўқитишни ташкил этиш вазифасини қўйди.

Таъкидланишича, мавжуд технологиялардан унумли фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ҳудудларда ангиографлар юкламаси ўртача 34 фоизни ташкил қилади, турли ҳудудларда томографларнинг ишлаши ҳам сезиларли даражада фарқ қилади.

Шу боис ҳокимликлар билан бирга давлат шифохоналаридаги юқори технологик ускуналардан самарали фойдаланиш бўйича аутсорсинг ва хусусий шериклик лойиҳалари йўлга қўйилиши белгиланди.