Англияга мавсумий ишга бориш учун 10 январь куни бўлиб ўтган рўйхатга олиш натижалари бекор қилинган эди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги масъуллари 17 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилди. «Газета.uz» мухбири ўзи нима бўлдию, масъуллар нима деди — барчасини бир саҳифага жамлади.
Нима бўлди?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги 2024 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон фуқароларига Англияга мавсумий иш ўринлари учун рўйхатдан ўтиш кунларини маълум қилди. Унга кўра, агентликнинг xorijdaish.uz портали орқали 2025 йил 10 январь куни Тошкент вақти билан соат 15:00 дан 19:00 гача Буюк Британиянинг HOPS рекрутинг компанияси томонидан таклиф этилаётган мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари учун онлайн рўйхатдан ўтиш очилди.
Шунингдек, агентлик танлов рўйхатдан ўтиш босқичларини ўз ичига олиши, бу рўйхатдан ўтиш кейинги босқичларда иштирок этишни кафолатламаслиги, жараён HOPS’нинг автоматик танлов тизимига боғлиқлигини таъкидлаб ўтди. Қайд этилишича, танлов тўлиқ HOPS оператори томонидан амалга оширилади. Миграция агентлиги эса танланган фуқароларнинг Буюк Британияга жўнаб кетишини кейинчалик ташкил этиш билан шуғулланади.
10 январь куни соат 15:00 да эълон қилинган мавсумий ишларга рўйхатдан ўтиш бошланди. Агентликка кўра, рўйхатдан ўтиш жараёнида сайтда техник узилишлар юзага келган. Жумладан, бир вақтнинг ўзида платформадан фойдаланувчилар сони 2 миллиондан ортиб кетган. Шу сабабли рўйхатдан ўтиш 10 январь соат 19:00 эмас, балки 21:00 гача узайтирилган.
12 январь куни Миграция агентлиги Англиядаги мавсумий ишларга 12 минг 331 нафар номзод рўйхатдан ўтганини маълум қилди.
«Онлайн тест синови HOPS оператори томонидан 2025 йил 14−15 январ кунлари ўтказилади. Тест маълумотлари фақат рўйхатдан ўтган ва танланган фуқароларга электрон почта орқали юборилади. Электрон почтангизни диққат билан текширишингиз керак. Агар сиз онлайн тест учун ҳаволани олмаган бўлсангиз, демак танланмаган ҳисобланасиз. Онлайн рўйхатдан ўтиш кейинги танлов босқичларида иштирок этишни кафолатламайди. Танлов қарорлари тўлиқ HOPS томонидан қабул қилинади» — дейилган эди агентлик хабарида.
Миграция агентлиги
Лекин орадан уч кун ўтиб, 15 январда агентлик Англияда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари учун очилган рўйхатдан ўтиш натижалари Hops Labour Solutions томонидан бир ёқлама бекор қилинганини билдирди.
«Ушбу қарор Hops Labour Solutions томонидан қабул қилинган ва Миграция агентлигида уни ўзгартириш ваколати йўқ. Масала юзасидан савол ва эътирозларингиз бўлса HOPSʼнинг hello@hopsls.com, complaints@hopsls.com электрон почтасига рус ва инглиз тилларида мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади агентлик баёнотида.
Мазкур ҳолат юзасидан Hops Labour Solutions ташкилоти ҳам баёнот берди. Британия рекрутринг муассасасига кўра, ташкилотга рўйхатга олиш жараёнига учинчи шахсларнинг аралашуви ҳақидаги кўплаб ишончли хабарлар келгани учун жараён тўхтатилган.
«Ҳурматли аризачилар, 10 январ, жума куни рўйхатга олиш жараёнига учинчи шахсларнинг аралашуви ҳақидаги кўплаб ишончли хабарлар туфайли HOPS Ўзбекистонда бўлажак ишга қабул қилиш босқичини кейинга суришга мажбур. Бу — жума куни рўйхатдан ўтганлар учун катта умидсизлик бўлишини тушунсак-да, биз ишга қабул қилиш жараёнининг яхлитлиги ва шаффофлигини таъминлашга масъулмиз. Агар сизда учинчи шахслар Буюк Британиянинг мавсумий ишчилар схемасида жой олиш учун пул ундирганлиги ҳақида далилларингиз бўлса ва сиз бизнинг давом этаётган терговимизга ёрдам беришни истасангиз, биз билан complaints@hopsls.com почтаси орқали боғланишингизни тавсия қиламиз», — дейилади HOPS баёнотида.
Агентликнинг қўшимча изоҳи
17 январь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида агентлик директори ўринбосари Матлаб Қуронов мазкур масалага оид саволга жавоб қайтарди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
«Бу лойиҳа охирги 2 йил давомида агентлик ва Англиядаги иш берувчи ўртасида ташкиллаштирилган, ҳаммаси қонуний. Олдинги йилда ҳам кетишган, аввалги йилларда ҳам бунга ўхшаш камчиликлар ва хатолар кузатилган. Бу йил биз олдинги йилларда қилинган хатолардан келиб чиққан ҳолда ёндашдик, шунда ҳам маълум бир муаммолар юзага келди. Асосий масала 4 соатлик вақтни 6 соатга чўздик, „кўпроқ қилиб қўйса бўлмасмиди?“, деган саволлар ҳам бериляпти. Бир нарсани тушуниш керакки, агентлик фақат айтилган шарт-шароитлар ва вақтни ташкиллаштириб беради. Шундан кейин иш берувчилар бизга якуний рўйхат бериб, шунча одам ўтди, шуларга виза расмийлаштириш ва юборишда кўмак беришни сўраса, таъминлаб берамиз», — деди агентлик расмийси.
Фото: АОКА
Унинг сўзларига кўра, аввалги йили 1 миллион атрофида фуқаро Англияга кетиш мақсадида мурожаат қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткиш 3 миллионга яқинлашган. «Биз ўтган йилги камчилигимизни, яъни ўз платформамизни мукаммаллаштирдик. Шунда ҳам техник сабаблар бўлди, бир пайтнинг ўзида бунча юкламани кўтаролмай қолди. Шу сабабли 4 соатга 2 соат қўшиб берилиб, вақт узайтирилди. Лекин улар [HOPS] ўз талабларидан келиб чиқиб, вақтни 6 соатдан ошира олмади», — деди Матлаб Қуронов.
«Бу лойиҳани қайта эълон қилишга келишдик. Чунки фуқаролардан „биз тушолмадик“, „рўйхатдан ўтолмадик“, „бизда муаммолар бўлди“ деган мазмунда кўплаб мурожаатлар тушди. Адолатсизлик бўлмаслиги учун биринчи танловдан ўтганларнинг ҳам натижаларини бекор қилдик, ҳаммага такроран бирдек имконият берилади. Ҳаммага тенг ҳуқуқ ва имконият яратайлик, деган маънода вақт масаласини ҳам, платформадан ўтиш керак бўлган имкониятларини ҳам кенгайтириш устида ишлаяпмиз. Чунки борган сари талаб кучайиб кетяпти, аммо техника доим ҳам бу талабга жавоб беролмаяпти. Лекин яқин орада эълон қиладиган танловлар учун тайёргарлик кўряпмиз. Ўйлайманки, фуқароларга вақт томондан ҳам, имконият тарафдан ҳам кенгайтириб, шароитлар яратиб берамиз», — дейди агентлик директори ўринбосари.
«Англиядаги иш берувчилар [ишчилардан] ҳеч қандай касб мутахассислиги сўрамайди. Ҳозир 3 миллионга яқин одам мурожаат қилганини айтдик, бу ваҳимали нарса эмас. Чунки виза олиш мақсадида хоҳлаган одам, ҳатто оилавий ариза топшириши ҳам мумкин. Сабаби иш берувчилар „озгина рус тилини билса ва қўлидан меҳнат қилиш келса, бўлди“, деяпти», — дея қўшимча қилди агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов.