Республика олий таълим кенгаши танқидларга ва депутатлик сўровига қарамай, барибир хусусий олийгоҳлар контрактдан тушадиган пулларининг 4 фоизини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб беришни истамоқда. Бу ҳақда иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Telegram каналида маълум қилди. Иқтисодчи буни «давлат рэкети» деб атади. Profi University нодавлат олий таълим ташкилоти асосчиси Бектош Ҳатамов ва иқтисодчи, жамоатчилик фаоли Отабек Бакиров ҳам ўз постларида мазкур «ташаббус» муаллифларини «рэкетчилар» деб аташди. Иқтисодчи Бекзод Ҳошимов эса бу ҳолатга Олий Мажлисни четлаб ўтиш орқали солиқ солиш дея баҳо берди.

Нодавлат олий таълим ташкилотларига 4 фоизли «ўлпон», «солиқ» ёки «доля» солиш ташаббусининг қонунийлиги бундан олдин сўроқ остига олинган, бунга жавобан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Республика олий таълим кенгаши қарорлари мажбурий кучга эга эмаслиги ҳақидаги баёнот билан чиққан эди. Бироқ назаримда, иқтисодчи Юлий Юсупов эълон қилган «Республикада олий таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида»ги шартнома матни яна бир қатор жиддий саволларни ўртага чиқарадики, уларни ҳам назардан четда қолдириш мумкин эмас.

Республика олий таълим кенгаши мақоми: давлатми ёки нодавлат

Шартномага кўра, «буюртмачи» (олий таълим ташкилоти) «бажарувчи»га (Республика олий таълим кенгашига) тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг молия йили охирига қолдиғидан 4 фоизини ўтказиб беради. Шартномада «бажарувчи» номидан уни республика Олий таълим кенгаши раиси ва айни пайтда президент Администрацияси ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов имзолаши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган низомга кўра, Республика олий таълим кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонуни 2-моддасига кўра, нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир. Мазкур қонуннинг 15-моддасига кўра, нодавлат нотижорат ташкилоти унинг муассислари (аъзолари) қарори асосида ташкил қилинади. Худди шу қонуннинг 4-моддаси давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишини тақиқлайди. Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашмаслиги тамойили Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 72-моддасида ҳам белгиланган.

Республика олий таълим кенгаши Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг (ҳар иккаласи ҳам давлат бошқарув органи) таклифлари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши негизида ташкил қилинган. Кенгаш таркиби Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган ва тасдиқланади (қаранг: «Республика олий таълим кенгаши тўғрисида» Низомнинг 15-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарори 3-иловаси). Унинг (нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган кенгашнинг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам худди шу Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган.

Нодавлат нотижорат ташкилоти давлат органлари (вазирлик ва инспекция) таклифи асосида, давлат органи (президент) томонидан ташкил қилиниши ва унинг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари давлат органи (Вазирлар Маҳкамаси) томонидан белгилаб берилиши мумкинми? Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 72-моддаси ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган ихтиёрийлик ҳамда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашмаслиги тамойилларининг бузилиши эмасми?

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади (15-модда) ва бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас (16-модда). «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга кўра, қонуности ҳужжатлари (президент қарорлари ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари) ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга (Конституция, қонунларга) мувофиқ бўлиши керак.

Республика олий таълим кенгаши ва олий таълим ташкилотлари шартномаси: қонунчиликка қай даражада мос?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 102-моддасига кўра, шартнома тузиш учун тарафлар келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак. Худди шу кодекснинг 354-моддасигcа кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.

Шартномани имзоловчи томонлардан бири — «буюртмачи», яъни маблағни бериши керак бўлган томон — нодавлат таълим ташкилотлари экани айтилмоқда. Иккинчи — «бажарувчи», «буюртмачи»дан маблағ оладиган томон номидан эса шартномани президент Администрациясининг таълим масалаларини назорат қилувчи мансабдор шахси имзолаши кўзда тутилган. Де-факто бу томон нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш ва уларнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилиш ваколатига эга давлат органи (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) устидан назорат олиб боради ва унга буйруқлар бера олади. Бундай ҳолатда — шартнома томонларидан бири иккинчисига қарам бўлганда — томонлар шартномани «хоҳиш билдирган ҳолда», «эркин» тузяптилар, дея оламизми?

Шартнома шартларига кўра, бир томон иккинчи томонга маблағ ўтказиб бериш мажбуриятини оляпти. Фуқаролик Кодексининг 355-моддасига кўра, ҳақ эвазига тузилган шартномада бир тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олади. Мазкур шартномада «бажарувчи» томон қайси бурчини бажариши — «буюртмачи»га ҳақ эвазига қандай товар ёки хизматларни, қайси муддатларда етказиб бериши, бу товар ёки хизматларга қандай талабларга жавоб бериши кераклиги аниқ кўрсатилмаган. Бундай шартномалар ҳақиқий деб топилиши мумкинми?

Шартномада Республика олий таълим кенгаши Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида иш юритаётганлиги қайд этилган. Мазкур Низомга кўра, кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари олий таълимга оид турли масалалар юзасидан «таклифлар ишлаб чиқиш», «тизимли таҳлил қилиб бориш», «тавсиялар ишлаб чиқиш», «ташкилий масалаларда кўмаклашиш»дан иборат. Низомда кенгаш олий таълим ташкилотларига пуллик хизматлар кўрсата олиши ва умуман, ҳақ эвазига шартномалар туза олиши кўрсатилмаган. Шундай экан, кенгаш олий таълим ташкилоти билан пуллик шартномалар тузиши ва бундай шартнома асосида иккинчи томондан пул маблағларини қабул қилиб олиши қай даражада қонуний?

Олий таълим кенгаши хусусий олийгоҳларга «шартнома» ниқоби остида «солиқ» ёки «ўлпон» солиши кейсининг нодавлат олий таълим хизматлари сектори ривожланишига жиддий зарба бўлиши ҳақида ёзмоқчи эмасман. Ўзи шундоқ ҳам лицензия берувчи орган — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбари нодавлат олий таълим ташкилотларига лицензия бериш амалда тўхтатилганини (қонунчиликка зид равишда, чунки «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга кўра, лицензиялаш соҳасидаги ваколатли орган талабгорлар ҳужжатларини қабул қилиши, кўриб чиқиши ва қонунда белгиланган асослардагина рад қилиши керак) тан олиб турганда бундай кейслар нодавлат олий таълим секторига маблағ тикмоқчи бўлган инвесторни ўйлантириши табиий. Бу кейс нафақат нодавлат олий таълим секторига, балки давлатнинг ўз фуқаролари, потенциал инвесторлар ва халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига, давлатга, унинг қонунлари ва органларига бўлган ишончига жиддий путур етказади. Сабаби битта кейс орқали давлат ўзи чиқарган қонунларига, белгилаган қоидаларига, ҳатто «олий юридик кучга эга» деб эълон қилган Конституциясига истаган пайтда риоя қилмаслиги мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундай кейслар йиғилиб-йиғилиб обрў ва ишончни шундай парчалаб ташлайдики, бундан кейин ҳеч қандай «фавқулодда штаблар» на маҳаллий ва на хорижий инвесторларни жалб қилишга ёрдам бермай қолади.