Ўзбекистон BBC Travel глобал медиа портали томонидан тақдим қилинган 2025 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 25 та манзил рўйхатига киритилди.
Қайд этилишича, ушбу манзиллар БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти, Sustainable Travel International, Black Travel Alliance ва Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши каби етакчи саёҳат ташкилотлари билан ҳамкорликда тузилган.
Рўйхатга АҚШ, Канада, Япония, Италия, Австралия, Марокаш, Англия ва бошқа давлатлар киритилган. Хусусан, Ўзбекистон 16-ўриндан жой олган.
«Мамлакат ўзининг ноёб анъаналари ва маданиятини асраб қолишга интилар экан, иқтисодиётини ривожлантириш, ёшларни мамлакатда ушлаб қолиш ва кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш мақсадида янги меҳмонхоналар, поезд йўналишлари, ички рейслар ва маданий объектларга инвестиция киритмоқда», — дейилади хабарда.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг сентябрида биринчи йирик халқаро биенналеси — Бухоро замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналеси бўлиб ўтади. Портал мамлакатдаги бошқа йирик маданий янгиланишлар қаторига бутун дунёга машҳур архитектор Тадао Андо томонидан лойиҳалаштирилган Давлат санъат музейи янги биносининг қурилиши ҳамда Романовлар саройининг реконструкциясини ҳам киритган.
2024 йил май ҳолатига кўра, 90 дан ортиқ мамлакат (жумладан, Буюк Британия, Канада ва Австралия) фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин.
«Президент мамлакатнинг яшил иқтисодиётга содиқлигини туризм билан уйғунлаштириш учун Глобал яшил туризм стартап лабораториясини яратиш ниятида эканлигини маълум қилди. Қўшни мамлакатлар билан чегарадан ўтиш ҳам анча осонлашди», — дейилади BBC Travel ҳисоботида.
Порталда, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «Ипак йўли» темирйўл саёҳати тури йўлга қўйилгани қайд этилган.