2024 йилда банклар ҳамда аҳоли ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича айланманинг умумий ҳажми 25,5 млрд долларни ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 19 фоизга (4 млрд долларга) кўп, дейилади Марказий банк шарҳида.

Ўтган йил давомида жисмоний шахслар банкларга 16,1 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилга нисбатан 31 фоизга кўп (2023 йилда 12,3 млрд доллар эди) чет эл валютасини сотган. Шу билан бирга, банклар жисмоний шахсларга сотган чет эл валютаси ҳажми 2023 йилга нисбатан 3 фоизга ўсиб, 9,4 млрд долларни ташкил этган (2023 йилда 9,1 млрд доллар эди).

«Натижада жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд долларга кўп бўлиб, ушбу ижобий фарқ ўз навбатида ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди», — дея қайд этган регулятор.

Инфографика: Марказий банкИнфографика: Марказий банк

Марказий банк, шунингдек, банкларнинг валюта айирбошлаш инфратузилмасини ривожлантириш, уларнинг тармоғини кенгайтириш ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб борилаётганини таъкидлаган.

Хусусан, аҳоли учун валюта айирбошлаш инфратузилмаси қамровини кенгайтириш мақсадида банкларнинг республика бўйлаб валюта айирбошлаш шохобчалари умумий сони йил давомида 20 фоизга ошиб, 6,2 мингтага етказилган. Бунда 24/7 режимида ишлайдиган автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари сони ҳозирда 3,4 мингдан ортиқ бўлиб, улар аҳоли гавжум жойлар, туристик ҳудудлар, аэропортлар, вокзаллар, меҳмонхоналар ва савдо мажмуаларида жойлаштирилган.