Самарқанд вилоятида фуқаролар ноқонуний равишда балиқ овлаб, табиатга 487 миллион сўмлик зарар етказди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, Жиззах вилояти Арнасой туманида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Айдар-Арнасой кўллар тизимини назорат қилиш бўлими томонидан ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирлари ўтказилган.

Унда Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи С.М. ва С.С. ноқонуний балиқ овлагани учун ушланди.

Текширув давомида қоидабузарлар ёнида 145 килограммга яқин балиқ ва балиқ овлаш воситалари борлиги аниқланди. Ҳодиса оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 487 миллион сўмни ташкил қилгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан суд органларига тақдим этиш ва қонуний чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланди.