Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов расман «Манчестер Сити» футболчисига айланди. У Англия Премьер лигасида ўйнайдиган илк ўзбекистонлик футболчи бўлади.
20 ёшли ҳимоячи инглиз клуби билан 2029 йилга қадар шартнома имзолади. Франциянинг «Ланс» клуби унинг трансферидан бонуслар билан биргаликда 40 млн евро ишлаб олади.
«Газета.uz» футболчининг агенти, Football Group футбол агентлиги асосчиси Ғайрат Хасбиуллин билан «Манчестер Сити»ни танлаш, «Ланс»дан кетишнинг сабаблари ва музокаралар жараёни ҳақида суҳбатлашди.
«Манчестер Сити» танлови ҳақида
Агентнинг сўзларига кўра, ОАВда номлари тилга олинган барча клублар футболчига ҳақиқатдан ҳам қизиқиш билдирган. Биргина Англия Премьер лигасининг ўзидан ўзбекистонлик ҳимоячига 12 та клуб қизиқиш билдирган. Бундан ташқари, Ҳусановга Германия, Италия ва Испания чемпионатларидан ҳам таклифлар бўлган.
«Абдуқодир ва унинг дадаси шундай қарорга келгани туфайли „Манчестер Сити“ танланди. Улар Пеп Гвардиола бошчилигида футболчи янада яхшироқ ва тезроқ ўсиши мумкинлиги туфайли бу қарорга келишди. Яъни, биз дунёнинг энг яхши мураббийини танладик. Агар футболчимиз дунёнинг энг зўр мураббийи қўл остида бўлса, у тезроқ ривожланиб, янада юқори чўққиларни забт эта олади. Танлов ана шу тамойил асосида амалга оширилди», — дейди у.
Ҳусановнинг трансферга муносабати ҳақида
Ғайрат Хасбиуллин Ҳусановнинг «хотиржам характерини» қайд этиб, у «ўзи турган жойга жуда боғланиб қолишини» айтди.
«Ва, катта эҳтимол, бунда «Ланс», Франция, мухлислар ва «Ланс» мураббийлар штабининг улкан хизмати бор, шунинг учун ҳам футболчи Франция ва «Ланс»ни жуда яхши кўриб қолди. Унга «Ланс»даги эртак бошланиши биланоқ кетадиган вақти бўлгани ҳақида қарор қабул қилиш қийин бўлди. Эҳтимол, у клубда яна бир муддат бажонидил ўйнаган бўларди», — деди у.
Абдуқодир Ҳусанов ҳозирги вақтда молиявий аҳволини ўнглаши керак бўлган «Ланс» футбол клубининг раъйига қарши бормади.
«Биз [клубга] ёрдам беришга ва «Манчестер Сити»га кўчиб ўтишга қарор қилдик, чунки уларнинг «Ланс»га берган таклифи Францияда бу қишки трансфер ойнасида футболчини сотиш бўйича энг йирик битим ҳисобланади. Биз «Ланс»дан жуда миннатдормиз, Абдуқодирга бу жамоани ҳозир тарк этиш жуда қийин бўлди. Лекин ишончим комилки, у бу ерда ҳам янги жамоага жуда тез мослашиб кетади. Характерининг кучи билан у жамоадошларининг ҳурмати ва дўстлигига лойиқ чиқади. Ўйлайманки, у бу борада ҳеч қандай муаммога дуч келмайди, чунки у ўйнаган барча жамоаларида футболчи ҳақида ҳамма доим яхши гаплар айтган ва ҳамма уни жуда яхши кўрарди», — дея таъкидлади агент.
Майдондаги позицияси ҳақида
Футбол мутахассислари Ҳусановнинг «Манчестер Сити» схемасига мослашиб кетиши бўйича ўз хавотирларини билдиришди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Ланс»да Абдуқодир учта ҳимоячилик (3−4−2−1 ёки 5−4−1) cхемада ўйнаган бўлса, «Манчестер Сити»да бош мураббий Пеп Гвардиола иккита марказий ҳимоячи (4−2−3−1, 4−1−4−1) билан ўйнашни афзал кўради.
«Абдуқодир дунёнинг энг яхши мураббийи қўл остига ва энг яхши клуби таркибига келиб қўшилди. Агар бош мураббий уни жамоага таклиф қилган бўлса, демак, у ўз схемасида унинг ўрнини кўрмоқда ва Ҳусанов қаерда бўлиши яхшироқ эканини ҳам кўрмоқда. Менимча, футбол нуқтаи назаридан Пеп Гвардиола Ҳусанов қаерда ва қайси позицияда ўйнаши кераклигини мендан анча яхшироқ тушунади. Мен бу саволни мураббийга қолдираман», — дея таъкидлади агент.
«Манчестер Сити» билан музокаралар ҳақида
Музокараларда Ғайрат Хасбиуллиндан ташқари Абдуқодир Ҳусановнинг ўзи, унинг отаси — Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Ҳикмат Ҳошимов ва Қозоғистон терма жамоасининг собиқ футболчиси, ҳозирда эса қозоқ-ўзбек футбол функционери ҳисобланувчи Улуғбек Асанбаев иштирок этди.
«Ланс» томонида музокараларга машҳур футбол агенти Жорже Мендеш, «Манчестер Сити» томонидан эса клубнинг спорт директори Чики Бегиристайн киришди.
Ғайрат Хасбиуллин «Манчестер Сити» раҳбариятини жуда профессионал деб атади. Унинг айтишича, у инглиз клубининг спорт директори Чики Бегиристайн билан деярли бир ой давомида алоқада бўлган.
«Мен у футболчини қанчалик ёқтириб қолганини кўрдим. У футболчи уларнинг таркибига қўшилишини жуда хоҳларди. Жуда профессионал жамоа. Мен ишдан, барчасининг қандай ташкил қилинганидан келиб чиқиб шундай дея оламан. Биз энг яхши клубга келдик. Мен бу ерда улар ўз атрофига энг яхши одамларни тўплаяпти деб ўйлайман. Яъни, ҳар бир лавозимда — шифокордан тортиб матбуот хизматигача дунёдаги энг зўр инсонлар ишлайди», — деди у.
Ғайрат Хасбиуллиннинг «Манчестер Сити» матбуот хизмати раҳбарига таяниб маълум қилишича, биргина медиамарказда 70 га яқин одам ишлайди, улар орасида фотографлар ва операторлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларни юритиш учун масъул инсонлар ҳам бор.
«Агар клуб медиа жамоасининг ўзи 70 кишидан иборат бўлса, демак клубнинг бошқа масалаларда профессионаллигига шубҳа йўқ», — дея таъкидлади агент.
Янги мамлакатга мослашиш
Бугун Ҳусанов манфаатларини ҳимоя қилувчи Football Group футбол агентлиги ҳамда «Манчестер Сити» вакиллари футболчи учун уй-жой излаш, турли давлат идораларида рўйхатдан ўтиш, ҳисоб рақамларини очиш ва бошқа масалалар билан шуғулланмоқда.
«Бу билан алоҳида жамоа шуғулланади. Футболчи машғулот жараёнидан умуман чалғимайди. Яъни, буларнинг барчаси клуб ходимлари ва агентлигимиз ходимлари томонидан бажариладиган ишлардир. Яъни, бизнинг клуб билан умумий иш жараёнимиз ҳисобланади», — деди Хасбиуллин.
Футболчи агентининг маълум қилишича, «Манчестер Сити» аллақачон Ҳусановни Премьер лигада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказган. Яъни мураббий танловига қараб у 25 январдаги «Челси»га қарши ўйиндаёқ ўзининг дебют учрашувини ўтказиши мумкин.
Миннатдорчилик
Хасбиуллин Абдуқодир Ҳусановни «Манчестер Сити»гача бўлган йўлда қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди.
«Биринчи навбатда, унинг отаси ва оиласи. Иккинчи инсон эса у учун нафақат спортда кўп иш қилган, балки унинг бош маслаҳатчиси бўлган ва камол топиши учун катта маблағ ҳамда билим сарфлаган Улуғбек Асанбаев бўлса керак. У Ҳусановга Белорусга келиш босқичидаёқ футболчи сифатида ишонган. Учинчидан, „Энергетик“ мураббийлар штабига: Анатолий Иванович Юревич ва Владимир Иванович Белявскийга раҳмат айтаман. Булар Беларусда Абдуқодир учун кўп нарса берган инсонлар», — деди у.
«„Ланс“ футбол клубига, хусусан, футболчи билан ишлаган мураббийлар штабига ҳам катта раҳмат. Булар клубнинг собиқ бош мураббийи Франк Эз, шунингдек, ўша пайтда клуб спорт директори бўлган Грегори Тиль ҳисобланади. Бу одамлар ўз вақтида Абдуқодирга ишонди ва унинг шу даражага етиши учун барчасини қилишди. Француз халқига ва Абдуқодирни Франциядаги бутун саёҳати давомида ақлдан озадиган даражада қўллаб-қувватлаган „Ланс“ мухлисларига раҳмат», — деди агент.
Ғайрат Хасбиуллин Ўзбекистон футбол ассоциациясининг роли, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Олимпия ўйинларига йўлланма олгани ва миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги муваффақиятли иштирокини алоҳида қайд этиб ўтди.
Белоруснинг «Энергетик-БГУ» жамоасидаги ўйинлардан тортиб, «Манчестер Сити»га ўтишгача бўлган йўлда биз Ўзбекистон футбол ассосиасияси президенти Абдусалом Азизов ва бутун ассоциация раҳбариятининг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб келяпмиз», — деди у.
«Терма жамоалардаги ҳар бир ходим, халқаро бўлим, матбуот хизмати ва терма жамоа шифокори — уларнинг барчаси эътиборга лойиқ бўлган улкан ишни бажариб келишмоқда. Гап футбол ассоциациясининг сўнгги йиллардаги ишлари ҳақида бормоқда, буларнинг эвазига биз Олимпиадада ўйнаяпмиз ва катта эҳтимол билан Жаҳон чемпионатига чиқамиз. Ёшлар терма жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Ёш футболчимиз эса дунёнинг энг яхши клубига ўтмоқда. Яъни, бу умумий ғалаба, бу умумий ютуқ ва бунга инсон бир ўзи эриша олмайди», — деди агент.
Аввалроқ «Газета.uz» таҳририяти Ҳусанов билан 2024 йил ёзида, Ўзбекистон терма жамоасининг Париждаги Олимпиадагача босиб ўтган йўли ҳақидаги ҳужжатли филмни суратга олиш вақтида ёзилган интервьюни эълон қилганди.