Наманган ва Самарқанд вилоятларида жами 2,1 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро З.Р. хонадонида новвойхона ташкил этиб, табиий газ тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланган. Ҳисоб-китобларга кўра, у фаолияти давомида давлат манфаатларига 362,5 млн сўмлик зарар етказган.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида «С.Ш.» оилавий корхонасига қарашли новвойхонада ҳам табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланилгани оқибатида 1,3 млрд сўмлик табиий газ талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, вилоятнинг Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро А.М. ҳам ўз хонадонида ноқонуний иссиқхона ташкил қилиб, табиий газ тармоғига яширинча улангани оқибатида давлат манфаатларига 462,7 млн сўмлик зарар етказган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.