Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши 20 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳа учун 22,9 миллиард иена (147,3 миллион доллар) миқдоридаги иена кредити бўйича алмашув ноталарини имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»га дипломатик миссия матбуот хизмати хабар берди. Маблағлар Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан таъминланади, маросимда унинг президенти Акихико Танака иштирок этди.

Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Самарқанд ва Бухородаги олий даражадаги тиббиёт муассасаларига жиҳозлар берилади.

«Турмуш тарзи ўзгаришлари фонида инсульт каби юқумсиз касалликлардан ўлим кўрсаткичи ортиб бормоқда. Бироқ Тошкент шаҳрида асаб касалликлари билан оғриган беморлар сони ортиб бораётганига чидаш бера оладиган шифохоналар етишмайди. Бундан ташқари, ҳудудий учинчи даражали шифохоналарда неврологик касалликларни даволаш учун мўлжалланган тиббий асбоб-ускуналар эскиргани ёки йўқлиги сабабли беморлар ўз вақтида ва малакали тиббий ёрдам олишда қийинчиликларга дуч келмоқда», — дейилади элчихона хабарида.

неврология ва инсульт маркази, япония

Лойиҳанинг амалга оширилиши юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириши, марказнинг тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўйича базавий ўқув маркази сифатидаги функцияларини кучайтириши, шунингдек, Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиши кутилмоқда.

Эртасига, 21 январь куни президент Шавкат Мирзиёев JICA президенти Акихико Танака бошчилигидаги Япония делегациясини қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

неврология ва инсульт маркази, япония

Шавкат Мирзиёев JICA раҳбарининг жорий ташрифи иқтисодий, молиявий ва техник соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини таъкидлади. «Агентликнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда стратегик ҳамкор сифатидаги ўрни қайд этилди», — дейилади хабарда.

Айни пайтда энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан ошади. Ўтган йили уч йиллик ҳамкорлик дастури қабул қилинган эди.

Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази самарали фаолият юритмоқда. Агентлик орқали 2,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис Японияда ўқиди ва амалиёт ўтади. Ушбу мамлакатдан келган кўнгиллилар Ўзбекистонда муҳим ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.

неврология ва инсульт маркази, япония

Бундан ташқари, куни кеча Тошкент шаҳрида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш тўғрисида битим имзоланди.

Ўзбекистон президенти JICAнинг мамлакатимиздаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.

Хусусий сектор лойиҳаларини амалга ошириш, япониялик инвесторлар учун махсус иқтисодий зона ташкил этиш, Япония университетини очиш, шунингдек, профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.

«Йўл харитаси» асосида жорий ва истиқболли лойиҳаларни илгари суришнинг янги механизмларини татбиқ этишга келишиб олинди.