Касбий кўникмалар марказларида 2025 йил 1 мартдан бошлаб аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнлари онлайн назоратга олинади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган қарорда сўз боради.
Қайд этилишича, 2025 йил 1 февралдан иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.
2025 йил 1 мартдан аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади. 2025 йил 1 апрелдан 12 та янги касб йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Бундан ташқари, 1 июлдан «Экофаол фуқаро» платформасига ўзи эккан дарахти тўғрисида маълумотлар киритган камбағал оилалар аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ҳар 100 та дарахт учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
2025−2026 йилларда Наманган, Тошкент, Хоразм ва бошқа вилоятларда паррандачилик соҳасида кооперация тизимида замонавий сўйиш корхоналари (кушхоналар) ва музлаткичли омборхоналар, маҳсулотлар ва чиқиндиларни қайта ишлаш, наслли жўжалар етиштириш ва парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ўз ичига олган тайёр бизнес лойиҳалари амалга оширилади.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кооперативлари учун ижтимоий солиқ ҳамда уларга ишга қабул қилинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда субсидиялар ажратилади. Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи негизида 2025 йил 1 декабргача креатив соҳалар кластери ташкил қилинади.