Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 21 январь кунги мажлисида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар биринчи ўқишда қабул қилинди, деб хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоевнинг маълум қилишича, 2024 йилда истеъмолчилардан 30 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 35 фоизи савдо соҳасига тааллуқли.

4000 дан ортиқ мурожаат сотувчилар томонидан товарларнинг ўз вақтида етказиб берилмагани билан боғлиқ. Улар орасида турли хил маиший техника, тайёр овқат, мебель ва бошқалар бор. 1500 нафар ариза берувчи рақамли платформалар орқали товар харид қилишдаги муаммолардан шикоят қилган.

Қонун лойиҳасига кўра, сотувчилар товарни шартномада кўрсатилган муддатларда истеъмолчига етказиб бермаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган ўлчов бирлиги (дақиқа, соат ва кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисми учун 0,5 фоиз миқдорида пеня тўлаши таклиф этилмоқда.

Жарима миқдори 0,5 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Тўловнинг энг юқори суммаси ўз вақтида етказиб берилмаган товар нархининг 100 фоизини ташкил этиши мумкин.

Бунда пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги белгиланмоқда.

Агар сотувчи товарларни етказиб бериш кечикиши истеъмолчининг айби билан содир бўлганини исботласа, у пеня тўлашдан озод қилинади.

Қорабоев шунга ўхшаш мисол сифатида бугунги кунда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаганда, шунингдек, иш (хизмат)ни бажаришнинг бошланиши ва тугаши кечиктирилганда ижрочи истеъмолчига иш (хизмат) қийматининг ёки кечиктирилган ҳар бир кун ёки соат учун буюртма қийматининг (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) 1 фоизи миқдорида неустойка ёки пеня тўлаши кўрсатилганини айтди.

Бунда истеъмолчи томонидан ундирилган жарима суммаси ишни бажаришнинг алоҳида тури нархидан ёки буюртманинг умумий нархидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Бир кун аввал «Миллий тикланиш» фракцияси қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида ҳужжатни такомиллаштириш таклифини билдирганди. Депутат Дилноза Азизова янги меъёр электр энергияси, сув ва газ етказиб берувчиларга ҳам қўлланадими, деган масалани кўтарди.

«Ҳозирги кунларда айрим ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Тегишли идоралар бу ҳақда аҳолини ҳатто огоҳлантирмаяпти. Бу ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш эмасми?» — дея сўради Азизова.

Қонун ташаббускорлари депутатлар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан тушунтириш бериб, «энг долзарб ва асосли таклифлар» лойиҳани такомиллаштириш жараёнида инобатга олинишини таъкидлади. Бошқа тафсилотлар келтирилмади.

Ҳужжат биринчи ўқишда қабул қилинди: 131 депутат ёқлаб, 0 депутат қарши, 4 депутат бетараф овоз берди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритилишидан олдин такомиллаштирилади.