Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистон томонидан картошка экспортига жорий қилинган чекловлар сабабли ижтимоий тармоқларда маҳсулот нархи ошиши ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди.

18 январдан бошлаб Қозоғистон ҳукумати картошка экспортини олти ойга чеклади. Қарор бу маҳсулотнинг, хусусан, Ўзбекистонга экспорт ҳажми ошиши ва нархи кескин кўтарилиши фонида қабул қилинди. Тақиқ ЕОИИ мамлакатларига тааллуқли эмас.

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга 627 минг тонна картошка импорт қилинган. Бу ҳажмнинг 74,2 фоизи ёки 465,2 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.

Бир йил давомида Ўзбекистонда картошка деярли 40 фоизга қимматлаган. 3 январдан то 21 январгача Тошкентдаги «Янги Қўйлиқ» (Food City) бозорида картошканинг нархи минимал 3500 cўмдан 6500 сўмга (85 фоизга), максимал 6200 сўмдан 8500 сўмгача (37 фоиз) ошди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, картошкага йиллик талаб 4 миллион тоннани ташкил этади. 2024 йилда мамлакатда жами 3,7 млн тонна, шундан асосий майдонда 2,7 млн тонна ва такрорий экин сифатида 1 млн тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3 фоиз) атрофида белгиланган.

2024−2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,5 минг тонна картошка захирага жамғарилган ва fsp.agro.uz онлайн платформаси орқали субъектлар кесимида мониторинг йўлга қўйилган.

Захирага жамғарилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига чиқариш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар 10 кунлик тармоқ жадвали ҳудудлар кесимида тасдиқланиб, ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборилган, дейилади хабарда.

20 январь ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан жами 6,3 минг тонна картошка ички бозорларга савдога чиқарилган, захира қолдиғи 239,2 минг тоннани ташкил қилади.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, картошка импорти фақат Қозоғистонга боғланиб қолмаган. Айни пайтда Покистон, Қирғизистон ва Афғонистондан ҳам картошка импорт қилиш йўлга қўйилган.

Ўтган ҳафтада Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент бозорларидаги вазиятни ўрганиб чиқиб, нархлар ўсишининг асосий омили импорт қилинадиган картошка нархининг ошиши эканини аниқлаганди. Айни пайтда бозорларда ихтисослаштирилган ярмаркалар ташкил этилиб, картошка 4000 сўмдан сотилмоқда. Бозорда унинг нархи 8000 сўмга етади (14−15 январь ҳолатига).

Молиячи Отабек Бакиров кузги йиғим-терим даврида картошка 2000 сўмгача арзонлашгани, бироқ нархларни барқарорлаштирадиган самарали харид ва интервенция тизими йўқлиги учун кўп деҳқон ва фермерлар кузги картошка экмаганини таъкидлади. Қўшимча омиллар қаторига ёқилғи, ўғит ва транспорт нархларининг кўтарилиши киради. Табиийки, кескин арзонлашиб кетган картошкадан кейин кескин қимматлашувчи картошка мавсуми келади", — дея қайд этди у.