Бухоро вилоятида ноқонуний саксовул кесиш билан шуғулланганлар аниқланди. Улар ўзларини таъқиб қилган инспекторларнинг машинасига шикаст етказди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар қилди.
Таъкидланишича, Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Олот туман бўлими инспекторлари томонидан чўл ҳудудида навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилган.
Рейд давомида 3 нафар фуқаро «УАЗ» автомашинасида саксовул ўсимликларини олиб кетаётгани маълум бўлган. Инспекторлар ҳуқуқбузарларни тўхтатишга ҳаракат қилишганида улар қаршилик кўрсатиб, инспекторлар бошқарувидаги хизмат автомашинасига қасддан шикаст етказишган ҳамда воқеа жойидан қочиб кетишган.
Ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилиб, прокуратура томонидан иш қўзғатилди ва йиғилган ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Туман суди томонидан мазкур ҳолат кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосан 3 нафар фуқарога 41 миллион 625 минг сўм зарар ва жарима қўлланилди.
Шунингдек, хизмат машинасига 6 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланди ва тўлиқ ундирилди.