Ўзбекистонда бўлиб тўлаш («рассрочка») хизматлари тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкка тақдим этиш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 22 январь куни медиа-диалог чоғида Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти директори ўринбосари Алаутдин Арифханов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда POS молиялаштириш хизматлари ва BNPL (buy now, pay later — «ҳозир сотиб ол, кейинроқ тўла») кенг тарқалмоқда, аммо ушбу хизматлар учун қарзлар ҳақидаги маълумотлар банклар томонидан ҳисобга олинмайди. Бу қарз олувчиларнинг реал қарз юкини баҳолашни қийинлаштиради ва уларнинг ортиқча қарздорлик хавфини оширади.
Истеъмолчилар томонидан жалб қилинган қарз миқдори банк назоратидан ташқарида қолмоқда, шунинг учун улар истеъмол кредити ёки микрокредит беришда мижознинг реал кредит юки ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаяпти.
«Ҳозирда BNPL’дан нималар юрисдикциямизга кириши мумкинлиги масаласи ўрганилмоқда. Жаҳон амалиётида бўлиб тўлаш бир йилдан ортиқ муддатга тақдим этилса ва бўлиб тўлаш миқдори ва якуний тўлов ўртасида фарқ бўлса, бу тартибга солинади», — деди мутахассис.
Шу муносабат билан, Алаутдин Арифхановнинг хабар беришича, «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга тўловларни бўлиб тўлаш тўғрисидаги маълумотларни мажбурий кўрсатишни назарда тутувчи ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда.
«Айни пайтда «Кредит маълумотлари алмашинуви тўғрисида»ги қонунга лизинг, суғурта компаниялари ва бўлиб тўлаш асосида товарларни тақдим этувчи ташкилотларнинг кредит бюроларига маълумотларни тақдим этиш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу бизга қарз олувчининг қарз юки тўғрисида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш ва кредит ташкилотларига ўз мижозларининг барча мажбуриятлари бўйича долзарб маълумотлардан фойдаланиш имконини беради», — деди Алаутдин Арифханов.
KPMG Caucasus and Central Asia 2024 йил апрелида ўтказган тадқиқотда айтилишича, POS-молиялаш ва бўлиб тўлаш бозори айланма бўйича 2023 йилда 450−500 миллион доллар оралиғида бўлгани прогноз қилинмоқда. Бозорнинг учдан икки қисмини Uzum Nasiya ва Alif Nasiya эгаллаган.
2027 йилга келиб, бозор 1,5−2 миллиард долларгача ўсиши кутилмоқда.
KPMG’нинг таъкидлашича, POS-молиялаш харидорлар томонидан тўланган товарларга устама қўйишни ўз ичига олади, 3−12 ойлик тўловлар учун 0% дан 68% гача. Баъзи бозор иштирокчилари «классик» BNPL бўйича 3−4 ойга фойдасиз бўлиб тўлашни тақдим этмоқда, бунда комиссияни сотувчилар тўлайди.