Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Cyber university давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилмоқда Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати.

Янги олийгоҳ ахборотни ҳимоялаш, ахборот ва киберхавфсизлик, рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган ахборот-тахлилий тизимларни яратиш, робототехника ва бошқа турдош соҳалар бўйича кадрлар тайёрлайди.

Унда рақамли технологиялар соҳасидаги мутахассислар қайта тайёрланади ва малакасини оширади. Ўқув жараёни хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинган эди. Унда мамлакатни минтақавий IT-хабга айлантириш вазифаси белгиланган.

Декабрь ойида Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган йиғилишда давлат органларининг 3000 нафар ходими, шунингдек, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари сунъий интеллект соҳасида малака ошириши режалари муҳокама қилинганди.