Ў️збекистонда энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлиги ўрганилади. Бу ҳақда тегишли Ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.
Қарорга кўра, лойиҳалар қуйидагича илмий экспертизадан ўтказилади:
- қонун лойиҳалари бўйича — тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари томонидан беғараз асосда;
- қонуности ҳужжатлари лойиҳалари бўйича — тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан келишув асосида.
Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулоса тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, хулоса лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан кўриб чиқилади.
Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот илмий экспертиза хулосасида кўрсатилган таклиф, эътироз ва фикр-мулоҳазалар ёки уларнинг бир қисмини инобатга олмаган тақдирда, улар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда келишмовчиликлар жадвалини тайёрлайди.
Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказувчи тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг электрон реестри юритилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий экспертизаси натижалари бўйича хулоса Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали тақдим этилади.