Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, терма жамоа бош мураббийи соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли ассоциация билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилган.

Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этди. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорчилигини билдирди. Терма жамоамизга Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилади.

Фото: ЎФА.Фото: ЎФА.

«Ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Сречко Катанецга терма жамоамиз бошқарувидаги меҳнатларини учун миннатдорчилик билдиради. Саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришини тилайди. ЎФА ҳамда Сречко Катанец ўртасидаги шартнома ўзаро дўстона муносабатларни сақлаган ҳолда бекор қилинди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа бош мураббийи лавозимига муносиб номзод тайинлаш борасида иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец билан шартнома 2021 йилнинг августида тузилган. Унинг қўл остида терма жамоа 20 та расмий ўйин ўтказиб, 13 марта ғалаба қозонган, 5 марта дуранг ўйнаган ва 2 марта мағлубиятга учраган.

ЖЧ-2028 саралашининг 3-босқичи «А» гуруҳида, 6 та ўйиндан сўнг, Эрон 16 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон 13 очко билан иккинчи ўринда, БАА эса 10 очко билан учинчи ўринда. Қатар (7), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) қолган ўринларни эгаллаб турибди. Саралаш якунланишигача Ўзбекистон жамоаси қуйидаги 4 та ўйинни ўтказиши керак:

  • 20 март: Қирғизистонга қарши уйида;
  • 25 март: Эронга қарши меҳмонда;
  • 5 июнь: БААга қарши меҳмонда;
  • 10 июнь: Қатарга қарши уйида.