Тошкент шаҳрининг Сергели ва Яшнобод туманларида ДХХ ва ИИББ ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди. Жараёнда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ фаолияти фош этилди, деб хабар бермоқда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти.

Маълум қилинишича, тезкор ходимлар текширувлар давомида Сергели тумани Хонобод кўчасида эркак ва аёлни тўхтатиб текширган ва уларнинг ёнидан 286 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, ушланган шахслар мазкур дори воситаларни, Telegram`даги наркодўкондан олгани маълум бўлди ва 16 январь куни Яшнобод туманида 1998 ва 1999 йилда туғилган шахслар ушланиб, яшаш манзили кўздан кечирилиб, 857 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.

Шунингдек, тадбир давомида ушланган шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларни 1996 йилда туғилган шахсга ҳам сотгани маълум бўлди. У Олмос маҳалласида тўхтатилиб текширилганда, ёнида 500 дона дори воситалари борлиги аниқланди.

Тезкор-қидирув департаменти хабарида қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чакана нархи 131,4 миллион сўмга тенг бўлган жами 1643 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинд. Тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида, Тошкентда 15 январь куни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга қаратилган «Хавфсиз ва соғлом пойтахт» комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланган.

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, бундай жиноятлар даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Уларнинг алоҳида хавфи шундаки, тақиқланган моддалар, айниқса ёшлар орасида кенг тарқалмоқда, уларнинг кўпчилиги бу моддаларни истеъмол қилиш қандай оқибатларга олиб келишини англамайди, деб таъкидлади бошқарма матбуот хизмати «Газета.uz»га берган изоҳида.

Янги турдаги наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг пайдо бўлиши, шунингдек, уларни тарғиб қилиш ва тарқатишнинг янги усуллари вазиятни мураккаблаштирмоқда. Янги технологиялар «сотувчилар» ва «харидорлар»га бевосита мулоқот ва ўзаро алоқасиз тўлов операцияларини амалга ошириш имконини беради.