Президент 17 январь куни пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирларни назарда тутувчи фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳар йили 1 ноябрда (2025 йил ҳосили учун — 1 февралда) Нью-Йорк биржасидаги сўнгги 6 ойлик фючерс котировкаларидаги пахта толасининг ўртача котировкасидан келиб чиқиб, келгуси йил ҳосили учун пахта хом ашёсининг (биринчи нав, иккинчи синф) бошланғич нархини белгилайди ва уни биржанинг расмий веб-сайтида эълон қилади.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар, пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчи барча хўжаликлар ва кластерлар, шунингдек, пахта хом ашёсини қайта ишлаш ва ип ишлаб чиқариш занжирига эга бўлган тўқимачилик корхоналари ўртасида пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича олди-сотди шартномалари (фючерс, форвард ва спот) биржанинг пахта хом ашё секциясида ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдоларда тузилади.
Хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида тузиладиган шартномалар хўжаликлар томонидан етказиб бериш муддатларини, шунингдек, бир ёки бир нечта харидорни мустақил танлаш йўли билан томонларнинг эркин танлови асосида ўтказиладиган биржа савдолари орқали расмийлаштирилади.
Шунингдек, хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасидаги барча шартномалар «Агроплатформа» ахборот тизими билан интеграциялашган маълумотлар базасига жойлаштирилади, дейилади маълумотда.
2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб, фючерс шартномалари хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача биржада эркин шаклланадиган, аммо эълон қилинган бошланғич нархдан паст бўлмаган нарх бўйича тузилади.
Бунда фючерс шартномаси Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан эълон қилинган бошланғич нархдан келиб чиқиб имтиёзли кредит ажратиш учун асос ҳисобланади.
Форвард шартномалари хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 мартигача ўзаро келишилган нархларда тузилади. Бунда пахта хом ашёсини етиштириш харажатлари хўжаликлар ва қайта ишловчиларнинг ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.
Спот шартномалари омборда сақланаётган пахта хом ашёси ҳажмлари бўйича хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархда реал вақт режимида тузилади. Хўжаликларга жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилганда банкка кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида ликвидли мулк тақдим этилади.
Хўжаликлар ҳар йили 1 мартгача (2025 йил ҳосили учун — 1 майгача) «Агроплатформа» АТга Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси ва бошқа тегишли идоралар томонидан берилган пахта хом ашёсини сақлаш учун мавжуд омборларнинг (сақлаш жойларининг) белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани ёки шундай хулосага эга бўлган омборларда вақтинчалик сақлаш учун ижара шартномасини киритиши шарт.
Сақлаш учун омборлари ёки ижара шартномалари бўлмаган хўжаликлар ҳар йили 1 мартгача форвард шартномаларини ёки 1 июнгача — ўзи етиштирадиган пахта хом ашёси бўйича фючерс шартномаларини расмийлаштиради.
Шунингдек, ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан пахта хом ашёси етиштирган ва уни биржада сотган хўжаликларга ҳисобварақ-фактурада шаклланган қийматнинг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Бунда пахта хом ашёсини етиштириш учун олинган имтиёзли кредитларни ҳосил йили охиригача (тегишли йилнинг 31 декабригача) сўндирган хўжаликларга мазкур кредитлар бўйича фоиз тўловларининг 4 фоиз пунктини субсидия сифатида қайтариш тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, барча тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, фермер ва кооперативларга, пахта хом ашёсини сақлаш ва бирламчи қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун банклар томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан МБнинг асосий ставкаси бўйича (шу жумладан банк маржаси — 2 фоиз) уч йил муддатга, 6 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда кредитлар ажратилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фақат пахта хом ашёсини қайта ишлаш билан шуғулланади, уни харид қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, биржа, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда уч ой муддатда донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш, шунингдек, биржа савдоларида сотиш жараёнлари тезкор ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тегишли ахборот тизимларини «Ҳосил қабули» ахборот тизими билан интеграция қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
а) Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда ҳар йили август ойида пахта хомашёсини қабул қилувчи корхоналарнинг (кластерлар, кооперациялар) пахта хомашёсини қабул қилиш билан шуғулланувчи ходимларини электрон тарози ва «Ҳосил қабули» ахборот тизими билан ишлаш учун қайта тайёрлаб боришни ташкил этади;
б) Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
- дастлабки босқичда суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи субъектлар ерлари тупроқларининг таҳлил маълумотлари, тупроқ ҳолати, хосса-хусусиятлари, унумдорлиги, гумус ва озуқа миқдорлари, шўрланиши, эрозияси тўғрисидаги батафсил маълумотларни акс эттирган тегишли хариталар ҳамда ҳар бир контур ва экин турига қараб илмий асосланган тавсияларни ўз ичига олувчи «тупроқ-паспорти»нинг 2026 йил якунига қадар ишлаб чиқилишини;
- 2027 йил ҳосилидан бошлаб, экинларни жойлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини молиялаштириш жараёнлари «тупроқ паспорти»га мувофиқ илмий асосда амалга оширилишини таъминлайди.
Белгиланишича, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб пахта хом ашёси ва ундан тайёрланган барча турдаги маҳсулотлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилганда бир вақтнинг ўзида товар-транспорт юк хатини ҳам расмийлаштириш талаб этилади. Бунда:
- ушбу маҳсулотлар турлари рўйхати маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги кодлари бўйича Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади;
- электрон ҳисобварақ-фактура ва товар-транспорт юк ва омборларда сақланаётган товар-моддий захиралар қолдиқлари солиқ органлари томонидан саноқдан (инвентаризациядан) ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб ҳисобланади ҳамда солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб баҳоланади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан барча пахта хомашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар бўйича мавжуд товар-моддий захиралар тўғрисидаги маълумотлар 2025 йил 1 апрелга қадар солиқ органларининг маълумотлар базасига киритилиши таъминлайди.
Солиқ қўмитаси икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларига уларнинг ҳисоботларига асосан қолдиқда қолаётган товарлар турлари ва миқдорларини кўрсатиш имконини берувчи дастурий таъминотни ишга туширади. Бунда мазкур дастурий таъминотни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.